17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бош вазир Абдулла Арипов раислигида жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, бу борада раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Бош вазир ўз сўзида вилоятларда йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат кўринишларини танқид қилди.
«Таълим ва тиббиёт ходимларини мажбуран меҳнатга жалб этиш кўплаб вилоятларимизда одатий ҳолга айланган. Бу халқаро қонун ҳужжатлари бузилиши демакдир.
Бу ҳақда муҳтарам президентимиз бир неча марта ҳақли эътироз билдирди ва бундай ҳолатларга йўл қўйиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирган. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясидан қайтгач, Олий Мажлис Сенати ҳузурида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича алоҳида комиссия ташкил этилди. Президентимиз топшириғига асосан, 2017 йил кузида ўқувчи ва талабалар пахта далаларидан қайтарилди. Аммо жойлардаги аксарият раҳбарлар бундан хулоса қилиш ўрнига, ўқувчиларни қайтаришга қайтариб, ўқитувчилар билан шифокор ходимларни кўча тозалашдан тортиб, уй-жой бузиш ишларигача жалб этиб келмоқда.
Муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтказилган учрашув чоғида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 42-мактаб ўқитувчиси Диана Еникеева кўча тозалашга чиқарилганида машина уриб кетиши оқибатида вафот этганини куйиниб эслади ва бунда ўзини айбдор ҳис қилаётганини айтиб ўтди. Бундан ташқари, ўша куни турли ҳудудларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини эслаб ўтдилар.
Президентимиз айтдилар: «Очиғи, бу менда нафрат уйғотмоқда, ўқитувчиларни мажбурлаб ободонлаштириш, кўча супуришга жалб этиш - бу биз олиб бораётган сиёсатга хиёнат. Бу нафақат менга, балки давлатимиз олиб бораётган сиёсатга хиёнатдир».
Ҳозирги кунда интернет нашрлари ўрни аҳоли ўртасида катта аҳамиятга эга бўлаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, сиз раҳбарларнинг нотўғри хатти-ҳаракатларингиз давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатга қаттиқ салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу сабабли, бугунги йиғилишимизда бир неча марта огоҳлантирилганига қарамасдан ўқитувчи ва шифокорларнинг ўз фаолиятига тааллуқли бўлмаган бошқа ишларга жалб этилиши муҳокама қилинади.
Президентимиз бундай ҳолатларни «фавқулодда ҳолат» сифатида кўриб чиқишни топшириқ қилди.
ОАВда маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим ва соғлиқни сақлаш ходимлари турли ишларга жалб этилаётгани ҳақида хабарлар берилди, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилди.
Қашқадарё вилоятида кўча юзидаги сохта иссиқхоналар, Жиззах вилоятида коллеж ўқувчилари корхона ишчилари сифатида тақдим этилиши каби кўзбўямачиликлар кузатилди. Бундай ҳолатлар эса аҳолида норозилик кайфиятини пайдо қилмоқда.








