18.04.2018 йилдаги ЎРҚ–476-сон Қонун билан Жиноят-процессуал кодекс (ЖПК) ва Жиноят кодексига (ЖК) ана шундай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.
 
Маълумот учун: Уй қамоғи ва гаров эҳтиёт чораларидан бири, яъни айбланувчи янги жиноятлар содир этмаслиги ҳамда суриштирув, тергов ва суддан яширинмаслиги учун унга нисбатан қўлланиладиган мажбурлов турлари ҳисобланади.

Бунда айбланувчидан фарқли равишда гумон қилинувчига нисбатан эҳтиёт чораларини қўллашга, умумий қоидага кўра, рухсат берилмайди. Сабаби – гумон қилинувчининг айбдорлиги хусусида суриштирув ва терговда ҳали етарлича далил бўлмайди.   

Шу билан бирга, ЖПКнинг 226-моддасига мувофиқ, алоҳида ҳолларда гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги чорани қўллашга рухсат берилган. Одатда қуйидаги ҳолларда шундай йўл тутилади:

• 3 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан жиноят содир этганликда ёхуд 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганликда гумон қилинганда;
• ушланган гумон қилинувчининг шахси аниқланмаган ёхуд унинг мамлакатимизда доимий яшайдиган жойи йўқ бўлса, унча жиддий бўлмаган жиноятлар содир этишда гумон қилинганда.
 
Қабул қилинган ҳужжат гумон қилинувчига нисбатан енгилроқ эҳтиёт чоралари – уй қамоғи ва гаровни қўллаш имконини берди (худди ўша алоҳида ҳолларда). Уларни тартибга солувчи нормаларнинг ўзи ҳам такомиллаштирилди.  
 
Уй қамоғи 

ЖПКнинг 242-1-моддасига мувофиқ уй қамоғи – тақиқлар (чекловлар) юклатилган ва унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда турар жойда (қонуний асосларда яшаб турган жойи бўлиши керак) жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиш. Уй қамоғини қўллаш учун қамоққа олиш учун бўлганидек асослар зарур (ЖПКнинг 242-моддасига қаранг). Бунда уй қамоғи унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.