Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда улар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди. Биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш.
Энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
“Бизнес старт” доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
“Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”, – деди давлатимиз раҳбари.
Кичик тадбиркорлар учун энг катта масалалардан бири – гаров таъминоти. Шу боис, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имконини яратадиган “контр-кафолат” тизими жорий этилади.
10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.









