Жамият | 14:40 / 24.04.2018
39263
2 дақиқада ўқилади

Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали яна кўчирилади

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бир вақтлар Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройи майдонида қад кўтариб турган Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали яна шу майдонга қайтарилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда

“Иккинчи Жаҳон уруши йилларида турли миллатларга мансуб бўлган 15 нафар болани ўз қанотига олган Шоаҳмат ва Баҳри Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида Раҳмат Файзиевнинг «Его величество Человек» романи асосида кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» кинофильми тасвирга олинган ва бу фильм ҳанузгача турли халқлар орасида севиб томоша қилинади. Асраб олинган болалар орасида рус, беларус, молдаван, яҳудий, латиш, татар, қозоқ миллатларига мансуб болалар бўлган”, - дейилади хабарда.

Шу муносабат билан 2018 йилнинг 23 апрель кунидан “Истиқлол” санъат саройи майдонида реконструкция ишлари бошлаб юборилган. Тез кунларда Шомаҳмудовлар оиласи жамланган ҳайкал ушбу майдонда қад кўтаради.

“Халқлар Дўстлиги сиймоси ҳисобланган ушбу ҳайкал Тошкент шаҳрининг кўркига-кўрк қўшиб янада чиройини очади. Пойтахтимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини бирдамликка, дўстликка ва бир оила бўлиб яшашга даъват қилади”, - дейилган хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, ҳайкал ўз вақтида М-39 «Тошкент-Термиз» автойўлининг Тошкент шаҳрига киравериш қисмига кўчирилганди. Ўтган йили эса у ердан олиниб, Дўстлик боғига (собиқ Бобур парки) ўрнатилганди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид