Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари, гапираётган гаплари кўпчилик ватандошларим каби менда ҳам эртанги кунга умид уйғотиб фаол ҳаракат қилишга чорлаяпти. Шунинг учун яна қўлимга «қалам» олиб, ўзим билган соҳада навбатдаги таклифни ёзишга ўтирдим. Бу таклифнинг туғилишига 4та воқеа (ҳодиса, аҳвол, ҳолат...) сабаб бўлди.

Биринчиси — иш фаолиятимда талабалар, ҳамкасбларим, кўчада қўшниларим билан суҳбатлар, олий ўқув юртларининг талабаларига ўқилаётган баъзи гуманитар фанларнинг дастурлари, дарсликлари ва бошқа ўқув адабиётлари билан танишувим, Ўзбекистон матбуоти ва телевидениесининг сиёсий мавзулардаги материалларини ўқиб ва эшитиб қилаётган хулосаларим ва таассуротларим.

Иккинчиси — Президентнинг 7 март куни республика хотин-қизларининг вакиллари билан бўлган учрашувда бошқа давлатларда ишлаб, ўқиб юрган саводли, малакали ватандошларимизни мамлакатга чақириш кўламини кенгайтириш ҳақида айтган гапи.

Учинчиси — «Америка овози» радио ва телеканалиниинг етакчи журналисти, сиёсий шарҳловчи Навбаҳор Имомованинг журналист Жасур Ҳамроев билан суҳбатдаги «Сизни мамлакатга чақирса, борасизми?» деган саволига берган жавоби.

Тўртинчиси — 3 йил олдин Америкага ва бу йил Германияга сафар қилиб, у ерларда таълим олиб ишлаётган ва нисбатан узоқ муддатлардан бери яшаётган ватандошларим билан қилган суҳбатларим.

Эртага олий маълумот оладиган бугунги талабаларнинг сиёсий (иқтисодий, маънавий, диний...) саводхонлик даражаси қандай? Буни биринчи яқинлашишда аниқлашнинг қийинчилиги йўқ.

Халқимизда «қуш инида кўрганини қилади», деган пурҳикмат мақол бор. Шунга амал қилсак, бу даража биринчи навбатда, бу соҳаларга тегишли фанларни ўқиётган профессор-ўқитувчиларнинг билими ва малакасига, ўқиш учун тавсия қилинган материалларнинг мазмунига (сифатига) боғлиқ.

Совет даврида бундай билимларнинг асосини Маркс, Энгельс, Ленин асарлари, КПСС съездлари ва Пленумларининг материаллари, Бош Секретар ва Сиёсий Бюро аъзоларининг нутқлари ва китоблари ташкил қиларди. Мустақиллик даврида эса, бу адабиётлар Ислом Каримовнинг асарлари, нутқлари ва улар асосида ёзилган ўқув адабиётари билан алмаштирилди.

Охирги 1,5 йидан бери бу сиёсатдан кескин ижобий бурилиш бўлишига қарамасдан, гуманитар фанларнинг дастурлари, китобларида ва маърузаларида танқид қилинаётган ғоялар, сиёсат, афсуски давом этаяпти. Энг ёмони, биз уларни келгусида етук мутахассис, раҳбар, жамиятга, халққа таъсир қилиши мумкин бўлган талабаларнинг онгига сингдираяпмиз, ўқишга мажбур қилаяпмиз, имтиҳон олаяпмиз. Сиёсатни ўргатадиган асосий фан («сиёсатшунослик») эса ўқув режасидан чиқариб ташланган. Ислоҳотлар бошланганига 1,5 йил бўлишига қарамасдан, ушбу фан «ўқув режа»га қайтарилгани йўқ.