Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.
Қарорда бирламчи уруғчилик ва янги, истиқболли навларни синаш билан шуғулланувчи элита-уруғчилик хўжаликлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини ташкил этиш масалалари ҳал этилмасдан қолинаётгани, турли навдаги уруғлар ва репродукцияларни алоҳида йиғиш, шунингдек, уларни сақлаш ва қайта ишлаш шароитларига риоя этилиши устидан лозим даражада назоратнинг мавжуд эмаслиги экин материали сифатининг пасайишига ва ҳосилдорликнинг тушишига олиб келаётгани қайд этилган.
Қарорга кўра, уруғчилик соҳасини тубдан такомиллаштириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларни халқаро бозорларга янада илгари суриш мақсадида ўрнатилаётган тартибга кўра 2018 йил 1 сентябрдан:
- битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини, шунингдек, битта вилоятда бештадан кўп, битта туманда иккитадан кўп ғўзанинг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди (синов ўтказиш учун жойлаштириладиган янги навлар бундан мустасно);
- бошоқли дон экинлари ва ғўза навларини синовдан ўтказиш муддати икки йилдан, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш муддати бир йилдан ошмаслиги лозим;
- қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг навларини (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно) мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган Қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади;
- бошоқли дон экинлари ва ғўзанинг уруғларини экспорт қилиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосасига асосан Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарори бўйича амалга оширилади, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини экспорт қилиш учун махсус рухсатнома талаб қилинмайди;
- қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини импорт қилганда (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно), агар синовдан ўтказишда қўлланилган талаблар Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган шунга ўхшаш талаблардан паст бўлмаса, аккредитация бўйича халқаро аккредитация ташкилотлари аккредитация қилган хорижий лабораториялар томонидан ўтказилган қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш натижалари тан олинади.
Ғўза уруғчилиги республика маркази ва Бошоқли дон экинлари уруғчилиги республика маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилмоқда ва қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланмоқда:
- қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан ғўза ва бошоқли дон экинларининг уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш;
- маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
- тармоқ корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқиш;
- уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни олиб боришга, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
- уруғчилик бўйича халқаро ва миллий органлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологияларни, ушбу соҳадаги ноу-ҳауларни жорий этиш.
Марказ давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.