Диана Еникеева иши бўйича суд жараёни якунланди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборот хизматининг Kun.uz сайтига берган хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан тегишли суд жараёнлари ўз якунига етган ва айбдор дея топилган мансабдор шахслар ҳамда «Камаз» ҳайдовчиси тегишли жавобгарликка тортилган.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоят судининг 2018 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, Каттақўрғон туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мусохон Нажмитдинович Музаффаров ҳамда Каттақўрғон туман халқ таълими бўлими мудири Алишер Салохиддинович Жуманазаров Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми бўйича (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) айбдор деб топилган.

Айбдор дея топилган иккала мансабдор шахсга ҳам Жиноят кодекси 45-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 2018 йил 1 майдаги ҳукмига кўра, давлат рақам белгиси 30Y275JА бўлган «Камаз» русумли юк автомашина ҳайдовчиси Акромжон Бозорович Элмуродовга Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмига асосан 3 (уч) йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, жабрланувчи А.Еникеев (Диананинг отаси – таҳ.) томонидан киритилган даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, А.Элмуродов ҳисобидан жабрланувчи А.Еникеев фойдасига 19 млн 782 минг 500 сўм моддий ҳамда 25 млн сўм миқдорида маънавий зарарлар ундириш белгиланган.

Суднинг ҳукмига кўра, жиноят ишининг Самарқанд вилоят ИИБ ИҚХБ ходимларига оид қисми алоҳида ажрим билан материал тариқасида ажратилиб, туман прокуратурасига юборилиши белгиланган.

Суд ҳукмларида айбдор дея топилган шахсларнинг ҳаракатлари батафсил баён қилинган. Хусусан, Мусохон Музаффаров 2017 йил 18 март кунидан 2018 йил 6 апрель кунига қадар Каттақўрғон туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, ҳокимият вакили сифатида ташкилий-бошқарув вазифаларини амалга оширадиган мансабдор шахс бўла туриб, ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқиб, 2018 йил 13 ва 14 март кунлари Каттақўрғон туман ҳокимияти биносида туман халқ таълими бўлими мудири Алишер Жуманазаровга туманда фаолият олиб борувчи 98та мактаб ва 12та касб-ҳунар коллежи директорларига улар раҳбарлик қилувчи ўқув муассасаларининг ўқитувчи ва техник ходимларини Каттақўрғон туманининг «Алижон», «Олмазор», «Навбаҳор», «Зарқўрғон», «Зарафшон», «Қорадарё», «Яккабоғ» маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи, жами узунлиги 14 км бўлган М-37 «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» автомобиль йўлининг қатнов қисми ва атрофларида ободонлаштириш ишларини бажаришга жалб қилиш, ҳар бир мактаб ва коллежга ҳудудларни тақсимлаб бериш, автомобиль йўлининг четларини бегона ўтлардан тозалаш, дарахтларни ва йўлнинг қатнов қисмини иккига бўлувчи бетон тўсиқларни оқлаш ҳақида ўқув муассасаларининг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларга жалб қилган.