Жаҳон | 18:43 / 15.05.2018
14449
4 дақиқада ўқилади

"АЭС қурилишидан аввал жамоатчилик фикри ўрганилади" - "Росатом"

Атом энергетикаси, жумладан, АЭС қурилиши билан боғлиқ лойиҳалар аҳоли ўртасида жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлади, кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Жамоатчилик буни соҳа вакилларининг саъй-ҳаракатлари ва қўллаб-қувватлашисиз қабул қилиши қийин бўлади. Бундай йўналишдаги лойиҳаларни амалга оширишда ишончли асосни яратиш жуда муҳим аҳамиятга эга. KUN.UZ мухбири "Росатом" бош директорининг биринчи ўринбосари Кирилл Комаровнинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтаётган "Атомэкспо-2018" форуми доирасидаги  "Жамоатчилик фикри уйғунлашуви" муҳокамалар доирасида айтган сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Фикримча, бугунги кунда турли мамлакатларда жамоатчилик фикрини шакллантирувчи, улар билан ишловчи экспертларнинг бўлиши жуда муҳим. Улар шу йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ истиқболли ядровий инфратузилмани йўлга қўйишдан аввал жамоатчиликни бунга тайёрлашади.

Ишончим комилки, ҳозир бизнес мақсадлари ва ижтимоий мақсадлар бир-бирига узвий боғлиқ. Бугунга келиб бизнесга гуманитар контекстда қаралмоқда. "Атомэкспо-2018" форумининг асосий мавзуси ҳам глобал ҳамкорликка йўналтирилган. Жамоатчилик бундай йўналишдаги лойиҳаларни қабул қилиши учун улар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш зарур", - дейди Комаров.

Шу ўринда "Росатом"нинг қатор мамлакатлар билан бу борада олиб борган ишлари мисол тариқасида келтирилди. Мамлакатда ядровий дастурни йўлга қўйиш ва ядровий энергетикани ривожлантириш учун айнан жамоатчилик фикри тўсқинлик қилиши мумкин. Шу боис АЭС қуришдан олдин муайян ҳудуднинг жамоатчилик билан ишловчи етакчилари билан учрашиш ва улар билан шу масалаларни муҳокама қилиш зарурлиги таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, "Росатом" дунёнинг 18 мамлакатида  ўз ахборот марказларини ишга туширган.

"Биз АЭС қурилиши лойиҳасини бошлашдан аввал у ерда ахборот маркази фаолиятини йўлга қўямиз, чунки одамларни бундан хабардор қилиш зарур.

Очиқ маълумот бўлмаган жойда аҳолини қўрқув қамраб олади, турли гап-сўзлар тарқалади. Жамоатчиликка мурожаат қилишнинг энг яхши усули - очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, кенг қамровли комплекс ахборот бериш. Шунда одамлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топа олишади ва ортиқча миш-мишларга ўрин ҳам қолмайди.

Аҳоли билан қанча очиқ бўлсак, ўзимиз учун шунча яхши. Жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашни ҳис қилиш учун одамларнинг реал эҳтиёжларини инобатга олиш керак. Шундагина бирор лойиҳани амалга ошириш учун керакли муҳитни яратиш мумкин. Биргаликда иш олиб бориш учун дўстона муносабатларни ўрнатиш жуда муҳим, бу ҳар қандай муваффақиятнинг муҳим бир қисмидир", - дея таъкидлайди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, АЭС - кўплаб билимли кишилар иштирокини талаб қилувчи жиддий драйвер. Билим беришни эса эрта болаликдан бошлаш керак.

"Бунинг учун "Росатом" махсус дастурларни йўлга қўйган. Бу дастурлар шу қадар муваффақиятли бўлиб чиқдики, улар ҳатто АЭС қурилишидан манфаатдор мамлакатларга ҳам экспорт қилина бошланди", - дея ўз фикрига якун ясади Комаров.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид