«Mening Fikrim» жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистонда автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бериш таклиф этилган петицияни 10 минг киши қўллаб-қувватлади.

Петиция муаллифи автомобиллар олди ойнасини пулли асосда 70 фоиз қорайтиришга рухсат бериш, бундай машиналарни ички ишлар органларида рўйхатга қўйишни таклиф этганди.

У буни Ўзбекистон иқлими иссиқ эканлиги, пардалар ҳам тақиқлангани сабабли орқа ўриндаги болалар жазирама ва офтоб уришидан азият чекиши мумкинлиги билан изоҳлаганди ва ойнани қорайтиришга рухсат бериш орқали давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш мумкинлигини қўшимча қилганди.

Айни вақтда петиция етарлича овоз тўплаган. Қоидага кўра, петиция 10 мингта овоз тўпласа, Олий Мажлис муҳокамасига ўтказилиши назарда тутилган.

Ҳозир мурожаат «Кўриб чиқиш жараёни»га ўтган. Парламент вакиллари уни 60 кун ичида кўриб чиқиб, бу бўйича тегишли қарор (маъқулланади ё фалон асосларга кўра рад этилади, дегандек) қабул қилиб, уни «Mening Fikrim» порталида эълон қилиши керак бўлади.