Истиғфор айтиш банда томонидан йўл қўйилган хато ва гуноҳларга кафорат бўлади, унинг қалбини тозалайди. “Ислом нури” дастурининг бугунги сонида айнан мана шу мавзу ҳақда сўз боради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов Рамазонда истиғфор айтиш хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди.
YouTube'да томоша қилиш
Tas-IX'да томоша қилиш
- Рамазон ойининг ҳар бир лаҳзасини ўта ғанимат билишимиз учун биз, аввало, нима ишларни қилишимиз кераклиги тўғрисидаги маълумотлар билан ҳам танишиб чиқишимиз керак. Шулардан бири, албатта, истиғфорни кўпайтиришдир, десак хато қилмаган бўламиз. Истиғфор – барча яхшиликларнинг боши, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки истиғфор барча дардларга даво. У мушкулларни осон қилади, ҳожатларни раво этади. Истиғфор бандани Аллоҳга бандачилигини изҳор қилгувчи ибодат сифатида гавдаланади. Истиғфор банданинг ожиз эканлигини, Роббил оламинга ниҳоятда муҳтож эканлигини англатади.
Пайғамбар (с.а.в)нинг ўзлари, гуноҳлардан мутлақо холи зот бир кунда 100 маротаба тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтишларини ўзлари бизларга ҳадиси шарифларида баёнини берганлар. Шундоқ экан барчамиз истиғфорга муҳтожмиз.
Истиғфорнинг ўзи нима? У – тавба дегани. Тавба эса бандани Аллоҳга қайтиши дегани. Бир гуноҳдан, ёмон ишдан, ёвузликдан қўлини тортиш, тийилиш ва иккинчи бор бу ишга қайтмаслик деганидир. Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида гўёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломга айтади: “Сиз умматларингизнинг ичида бўлганингиз ҳолатда Аллоҳ уларни жазоламайди. Ва модомики улар истиғфор айтиб турар эканлар Аллоҳ уларни азоблагувчи бўлмайди”, деб марҳамат қилади.

масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов
Мана шу ояти кариманинг тафсирида уламоларимиз айтадики, Аллоҳ таоло томонидан бўладиган кулфатлар, офатлар, азоб-уқубатлар, ҳар-хил кўнгилсизликлар бандаларни ҳимояловчи ва кафиллик берувчи нарса икки хил бўларкан. Биринчиси, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг бизларнинг ичимизда бўлиб туришлари. У зот жисмонан вафот этганлар, орамизда йўқлар. Демак биринчи кафиллик ҳолати қўлдан бой берилган. Иккинчиси, модомики бандалар Аллоҳ таолога истиғфор айтиб турар эканлар Яратган уларни азобламас экан.















