Бугун футбол тарихидаги энг машъум воқеалардан бирига 33 йил тўлди. 1985 йил 29 май куни Европа Чемпионлар Кубоги финали эмас, қонли бир воқеанинг санаси ўлароқ муҳрланди.

«Бугунги воқеа Европа Чемпионлар кубогига барҳам бермайди, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам футбол катта мағлубиятга учради», - деганди УЕФА президенти Жак Жорж «Ювентус» клубига Чемпионлар Кубогини топшираётиб. Маросим жуда оддий шароитда, аниқроғи «Эйзел» стадионининг туринликлар учун ажратилган ечиниш хонасида бўлиб ўтди.

Сездингиз, бугунги суҳбат футбол тарихидаги энг қора ва қонли кунлардан бири сифатида қайд этилган, 1985 йилнинг 29 майида бўлиб ўтган Чемпионлар кубогининг юбилей 30-финали, «Ювентус» ва «Ливерпуль» ўртасидаги учрашуви олдидан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида.

Фото: Getty Images

Ўйинни «Ювентус» анча фаол бошлади, барча жабҳаларда «Ливерпуль»ни ортда қолдирди. 56-дақиқада эса инглизлар жарима майдонида Бонекни чалиб йиқитдилар, Платини эса пенальтини аниқ амалга оширди ва бу гол италияликларга ғалаба келтирди. «Ювентус» футболчилари майдон бўйлаб зафарли айланишни рад қилдилар, бутун жамоа бўлиб мухлислари ўтирган трибунага бордилар ва тиз чўкдилар. Оғир бўлганди жуда. Ғалаба қувончи трагедияга алмашганди. Жуда кўп инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган бу ғалаба жамоа тарихидан катта жой олишга ҳақлими? Эсланишга арзийдими?

- Ҳа, - деб жавоб беради ўша учрашув қаҳрамонларидан бири Мишель Платини, - бу ғалаба ҳақида эслаб туриш лозим, умуман унутмаслик керак. Шундаги бу каби кўнгилсизликларнинг олди олиниши мумкин.

Фото: Getty Images

Умуман турнир бошидан «Ювентус» ва «Ливерпуль» фаворит сифатида эътироф этилган бўлишса-да, маҳаллий матбуот жамоалар ҳақида танқидий материаллар беришдан чарчамасди. «Ювентус» Кубок эгалари кубогини ютган бўлса-да, жамоада салобат кўзга ташланмаётганди. Кубок эгалари кубоги финали «Порту»га қарши кечган учрашув ҳақида ҳам «La Gazzetta dello Sport» шундай ёзганди:

«Жамоанинг ривожланиш ўрнига мозий футболига қараб кетаётгани ғалати. Ўн йил олдиндагидек ҳимоявий футбол кўрсатган «Юве» бу кубок ўзи учун нақадар кераклигини, ҳатто мухлисларни гўзал футболдан мосуво қилишга ҳам арзишини тан олгандек бўлди».

Янги мавсум арафасида эса маҳаллий нашрлар Скудеттони «Ювентус» эмас, «Верона» қўлга киритишини тахмин қила бошладилар. Мавсумни «Юве» ёмон бошлади, «Интер»дан Туриндаги шармандали мағлубиятдан (0:4) кейин эса Трапатонни: