“Kun.uz” таҳририятига Шаҳрихон туманидан келган мурожаатга эътибор қаратамиз:
“Мен, Одилжон Қодиров Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани “Наврўз” маҳалласи “Янги турмуш” кўчаси 24- уйда истиқомат қиламан.
Шу йил 13 май куни хонадонимизга Исломбек Шоматов деган йигит келиб: “Шаҳрихон туман МИБ бўлими ходимиман. Кўчангиздаги сим ёғочга ўрнатилган электр ҳисоблагични текширамиз” деди.
Мен бу йигитни аввал кўрмаганман. Махсус кийими ҳам йўқ эди. Унга “Ҳужжатингиз борми?” дедим. У: “Менга форма етмай қолган, ҳужжатим эса ишхонада машинамда қолибди” дея жавоб берди. “Сизни кўрмаган эканман. Узр, симёғочдаги ўзимни ва қўшниларимнинг ҳисоблагичларини ҳужжатингизни олиб келгач текширарсиз...” деб уйдан олиб чиққан нарвонимни йиғиштириб қўйдим.
У йигит менга аччиқ қилиб кетди ва анча вақтдан сўнг МИБ ёзуви туширилган кўкрак нишонни кўтариб келди (агар шуни ҳужжат деб билсак?) бошқа томондан эса ўзини О. Асқаров дея таништирган шериги ҳам етиб келди. У электр таъминоти бўлими ходими экан. Сўнг ҳисоблагичларни текширишга рухсат беришим билан иккови менга муомалаларини терс ҳолда ўзгартиришди. Ислом Шоматов: “Сиз мендан ҳужжат сўрадингиз-а? Энди ўзингиздан кўринг!” деди. Сўнг: “Ҳисоблагичингиз симёғочга 2 метрдан юқорига ўрнатилган, боз устига эски русумдаги экан. Яна рақами биздаги рақам билан мос келмади” дея далолатнома тузишди.
1999 йили электр тармоқлари ходими лабораториядан ўтган ҳисоблагични ўрнатиб, рўйхатга олинган дафтарчани бериб кетган. Ҳар гал ўзим бориб, қарздорлигимни текширтирганимда ё булмаса электр вакили уйимга келиб кўрганида муаммо айтилмаган. Бу ҳолат далолатнома ёзиб, жарима қўллаш даражасидаги камчилик эканлиги мени ҳайрон қолдирди. “8-9 йилча аввал хизмат сафарида бўлган пайтим маҳаллий ҳокимият буйруғи деб, барча ҳисоблагичларни кўчага бетон симёғочга ўрнатиб кетишган. Уни икки метрдан юқорига қўйиш масаласида мени ҳеч ким огоҳлантирмаган”,- дейишимга қарамай, кўкрак нишонли МИБ ходими далолатномага қўл қўйиб беришим зарурлигини айтиб туриб олди, мен эса далолатномани ўқиб кўргач, имзо қўйишдан бош тортдим. Сабаби, далолатномада барча айбловлар менинг зиммамга юклатилган эди.

Ходимнинг “Имзо қўймасангиз электр таъминотидан узиб қўяман”, деган дағдағасидан сўнг, мен унга: “Тўловларни ўз вақтида тўлаб бораётган бўлсам 20 йилга яқин муаммосиз келаётган эди. Ҳужжатингизни сўраганимдан сўнг менга атай қасд қилиб фақат менинг ҳисоблагичимни шу тариқа текширяпсиз. Ҳолбуки, барча маҳалладаги хонадонларники шундай ҳолда. Узмайсиз! 80 ёшдан ошган онам бор қийналиб қолади” дедим. У менга таҳдид қилганича: “Сиз Президент қарорига қарши чиқдингиз! Эртага группа келиб, симёғочдан узиб кетади” деб дўқ қилиб чиқиб кетди.



















