Яхшилик – киши хулқининг зийнатидир. Бундан ташқари, яхшилик қилиш орқали инсон ўз ҳаётини ҳам саодатга тўлдиради, чунки яхши инсон ҳар ерда улуғ мартабаларга эришиб келган.

Жарир ибн Абдуллоҳдан (р.а) ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ким бошқаларга раҳм-шафқатли бўлмаса, унга ҳам раҳм-шафқат қилинмайди (яъни, Аллоҳ у одамга раҳм қилмайди)” дедилар.

Шарҳ: “Қайтар дунё”, деган ҳикмат бор-ки, бундан инсон боласи қочиб қутула олмайди. Юқоридаги ҳадис мазмуни ҳам ана шундан дарак бериб турибди. Ким раҳм-шафқатли бўлса, унга ҳам раҳм-шафқат қайтади.

Сафвон ибн Салим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в): “Кимки бева қолган ва ночор одамга ёрдам берса (моддий кўмак кўрсатса) у ... кундуз кунлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқийдиган одамдек (савобга эга бўлади)” дедилар.

Шарҳ: Ночор одамларга ёрдам қилишликнинг савоби улуғлиги, унинг ажри кундуз кунлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқийдиган кишиники сингари бўлишлигини Пайғамбаримиз (с.а.в) айтиб ўтмоқдалар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшниларга яхши муносабатда ва хушмуомалада бўлишликни шунчалик кўп буюрдиларки, мен ҳатто уларни менга меросхўр қилишликни буюрсалар керак, деб ўйладим”

Шарҳ: Шу ўринда қўшниларга ҳам яхшилик қилиш буюрилмоқда. Қўшнилар ҳақи шу қадар юқорики, юқоридаги ҳадисдаги воқеа ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Бундан келиб чиқадики, кимки қўшниларини норози қилса, уларнинг кўнглини оғритса гуноҳкор бўлиб қолади.

 

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Мен дедим: “Ё Аллоҳнинг Расули! Менинг икки қўшним бор. Мен қайси бирига совғамни ҳадя қилсам?”. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Сизга эшиги яқин бўлган қўшнингизга”, деб жавоб бердилар.

Шарҳ: Қўшниларга яхшилик қилишда ҳам энг яқин (ён) қўшнилардан бошлаш бизнинг муқаддас динимизда тавсия қилинган. Ўзбек халқининг “ён қўшнинг, жон қўшнинг”, деган мақоли ҳам бежиз айтилмагани маълум бўлади.