Биз шарбат ичиб, унда витаминлар кўплиги ва унинг соғлиқ учун фойдали экани ҳақида кўп гапирамиз. Бироқ ҳақиқатда ҳам шундайми? "Здоровье с Еленой Малышевой" дастурида айнан шу мавзуда фойдали маълумотлар тақдим этилди.
Энг яхши танлов - сабзавотли шарбатлар. Уларда витаминлар, целлюлозалар, фойдали моддалар, жумладан ликопинлар кўп. Шу билан бирга, бу паст калорияли маҳсулот ҳамдир. Фақат шуни ёдда тутингки, шарбатларга туз қўшиб бўлмайди, айниқса қон босими юқори кишиларга бундай шарбатни ичиш тавсия этилмайди.

Ликопинлар бўйича чемпион - томат шарбати. Айнан шу пигментлар туфайли томатлар қизил рангга киради. Ликопин простата саратони ва юрак-қон томир касалликлари хавфи ривожланишини пасайтирувчи антиоксидантларга бой.

Энг ёмон танлов - шарбатлар коктейли. Бундай ичимликларда қоидага кўра, табиий шарбатлар миқдори кам бўлади. Асосий компонентлар - бу сув ва сизни юзлаб ортиқча калориялар билан таъминловчи қиём.

Олма шарбати иммунитетни оширади. Бу шарбатда организмнинг иммун кучларини оширувчи А, В гуруҳи ва С витаминлари мавжуд. Олма шарбати соч ва тирноқлар саломатлиги учун фойдали бўлиш билан бирга, кексайганда ҳам яхши хотирага эга бўлиш имконини сақлаб қолишга ёрдам беради.

Клюква (қизил, нордон мевали бута ва унинг меваси) шарбати иммунитет ва пешоб тизими учун фойда. Унда С витамини кўп бўлиб, иммунитетга ижобий таъсир кўрсатади. Бундай морс пешоб тизими касалликлари профилактикаси учун халқ воситаси ҳисобланади. Фақат бир нарсани ёдда тутинг: унга шакар қўшмаганингиз маъқул!





















