Спорт | 15:30 / 05.07.2018
28396
2 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов: «Гуруҳимиз иши инспекторлар томонидан яхши баҳоланди»

Бугун ФИФА жаҳон чемпионатида қолган ўйинларни бошқариш учун номзод бўлган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди. 

Афсуски, бу рўйхатдан ҳамюртимиз Равшан Эрматов ва унинг гуруҳи жой олмади. Маълум бўлишича, Равшан Эрматовнинг ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловнинг эски жароҳати безовта қила бошлаган. Натижада, Эрматов гуруҳи ўйинларда ишлай олмаслиги ойдинлашган. 

ЎФА сайти Равшан Эрматов билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди.

«Жаҳон чемпионатларида 11та ўйинни бошқариб рекорд ўрнатганим билан ФИФА раҳбарлари табриклашди. Аслида, мени кўпроқ хурсанд қиладиган нарса бу шахсий рекорд эмас, балки жаҳон чемпионатларида энг кўп ўйинда ишлаган ҳакамлар рўйхатини ўзбекистонликлар бошқариб туришидир. Бу ҳолатдан фахрланаман.

Жаҳон чемпионати биз учун яхши ўтди, машғулотларда фаол қатнашдик. Бизга 2та ўйинни топширишди: Аргентина – Хорватия ва Испания – Марокаш. Ўйинлар кутилгандек осон бўлгани йўқ, Худога шукур, ушбу ўйинларни қўпол хатоларсиз, яхши ўтказдик. Инспекторлар ўйиндан кейин: «Бундай қийин баҳсларда 3-4 та қизил карталар бўлиб кетади, деб ўйлагандик, лекин сизлар қизил карталарсиз ва жароҳатларсиз адолатли бошқардингиз», - деб, ишимизни яхши баҳолашди.

Кейинги ўйинларга тайинланмаганимиз сабаби - Абдуҳамидулло Расуловнинг тиззасидан олган эски жароҳати яна безовта қилишни бошлади. Ушбу жароҳат унга тўлиқ ҳаракат қилишга ва майдонга чиқишга имконият бермади. Жаҳон чемпионатида вақт қисқа, тўлиқ тикланиш эса кўп вақтни талаб қилади.

Жаҳон чемпионати спорт оламидаги энг катта мусобақалардан ҳисобланади ва унинг иштирокчиси бўлишни ўзи миллионлаб футбол соҳасида ишлаётган инсонлар орзусидир. Биз сабабчи бўлиб ватанимиз номи шу жаҳон чемпионатида янграгани ва орзумизнинг ушалгани биз учун катта бахт!» - деди Эрматов.

Мавзуга оид