6 июл жума куни Японияда «Аум Синрикё» экстремистик сектасининг етти раҳбари осиб ўлдирилди. Улар орасида секта асосчиси, Сёко Асахара номи билан танилган Тидзуо Мацумото ҳам бор. У ўзини Исо деб атаган ва турли мамлакатларда минглаб муридлар орттирган. Асахара муридлари ёрдамида 1995 йилда Токио метросида газ ҳужумини амалга оширган ва 1980, 1990 йилларда кўплаб шафқатсиз ҳужумлар уюштирган.  

Камгап устоз

63 ёшли Асахара 13та жиноятда иштирок этишда айбланиб олий жазога ҳукм қилинди. Бу жиноятлар оқибатида ўттиз киши ҳалок бўлган.

Ўлим жазоси ҳақидаги ҳукмни Токио туман суди 2004 йил февралда чиқарган, 2006 йил сентябрда Олий суд бу ҳукмни тасдиқлаганди. Аммо ҳукмни ижро этиш бошқа гумондорларни суд қилиш туфайли ортга суриб келинганди. Суд жараёни 2018 йил 25 январгача давом этди.

Фото: ТАСС

Асахара билан биргаликда «Аум Синрикё»нинг яна 191 аъзоси қотиллик, суиқасд, одам ўғирлаш, асабни фалажловчи газ ва ўточар қуроллар ишлаб чиқаришда айбланди. Улардан 12 нафари ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Айрим маълумотларга қараганда, кейинги 10 йил давомида ҳибсда сақланган Асахара ҳар қандай учрашувларни рад этиб келган.

Адвокатлари билан учрашувларда ва суд мажлисларида Асахара кўпинча жим ўтирган ёки маъносини ҳеч ким тушунмайдиган сўзларни гапирган. Шу боис унинг ҳимоячиси Асахара муомалага лаёқатсиз эканлигини, уни суд қилиш мумкин эмаслигини билдирган.

Бироқ Олий суд адвокатнинг бу сўровини рад этган.

Сектанинг пайдо бўлиши

Асахара 1955 йилда Кюсю оролида туғилган. У 1984 йилда «Аум Шинсен-но-кай» («Маънан етук ва ғайритабиий кучга эга инсонлар жамияти») диний ташкилотига асос солган. Ташкилот кейинчалик «Аум Синрикё» деб номланган. Тўрт йилдан сўнг унинг издошлари сони 3-4 минг кишига етган.

Унинг муридлари нафақат Япония, балки АҚШ ва Россияда ҳам бор эди.

У тарафдорларини ҳиндлар маъбуди Шиванинг қайта туғилган қиёфаси эканлигига ишонтирган (Асахара ўзини «Токио Исоси» ва «Муқаддас папа» деб ҳам атаган) ва улардан барча мол-мулкларини унга беришни талаб қилган. Асахара ўз таълимотини барча динларнинг умумлашмаси деб эълон қилган.