Samsung Galaxy S9 компания тарихидаги энг муваффақиятсиз сотувларни қайд этмоқда
Samsung Galaxy S9 флагманини ишлаб чиқарувчи ўз тарихидаги энг кенг кўламли реклама билан қўллаб-қувватлади, бунга ушбу мобил қурилма сотилаётган барча мамлакатларда гувоҳ бўлиш мумкин эди. Шунга қарамай, сотувларга старт берилганининг илк ҳафтасиданоқ ишлар режадагидек кетмаётгани сезилди, чунки талаб кутилганидан анча паст бўлиб чиқди. Ўша вақтлардан 3 ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, таҳлилчилар ниҳоят смартфон сотувларига доир барча ҳақиқатни баён этишди.
Маълум бўлишича, Samsung Galaxy S9 флагман телефони сотувлари тўлиқ таназзулга юз тутган, расмий ҳисобот шундай хулоса қилишга асос бўлган. 2018 йилнинг иккинчи чорагида Жанубий Корея корпорацияси ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 0,7 фоизга кам даромад олган. Бу маҳсулот рекламасига эса бир неча баравар кўп маблағ сарфланган.
Расмий маълумотларга кўра, Samsung компанияси 2018 йилнинг охиригача 31 миллионта Galaxy S9'ни сотишни режалаштирмоқда, бироқ ҳатто бунга ҳам эришиб бўлмаслиги тахмин қилинмоқда. Таққослаш учун: Galaxy S7 2016 йилда 50 миллион нусхада сотилган. 2012 йилда ишлаб чиқарилган Galaxy S3 смартфони 40 миллион нусхада сотилган. Бу эса янги флагман корпорациянинг олти йил аввалги моделидан-да паст натижаларни қайд этади дегани.
Таъкидлаш жоизки, Samsung компаниясининг топ-смартфонлари сотувлари йил сайин ўсиб бораётган эди, бироқ бу йил барчаси ўзгарди. Вазиятни фақат янги Galaxy S10 модели қутқариши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.