Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси вакили Маъруфжон Шакаров сақланаётган изоляторга борди
2018 йилнинг 18 июль куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ходими Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаровга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Москва шаҳридаги Жазони ижро этиш федерал хизматининг 1-тергов изоляторига (СИЗО-1) ташриф буюрди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув чоғида Шакаров соғлигидан шикоят қилмаган. Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат ўтказмоқда, врач тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас.
СИЗО-1 раҳбарияти берган изоҳга кўра, агар Шакаров очлик ҳолатини тўхтатса, соғлиғини тиклаши учун тиббий бўлимга жойлаштирилади.
Москванинг «Матросская тишина» қамоқхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси, 1996 йилда туғилган Маъруфжон Шакаров бир ойдан ошиқроқ вақтдан бери суд қароридан норозилик сифатида очлик эълон қилган.
2017 йил 13 декабрда Маъруфжон Шакаров Москванинг Преображенский туман суди томонидан сотиш мақсадида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини ўғирлаш ва сақлаш айби бўйича 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
14 июнь куни жиноят ишлари бўйича Москва шаҳар суди Суд коллегияси апелляцион қарори билан Маъруфжон Шакаровнинг ҳаракатлари йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини сотиш мақсадисиз сақлаш этиб қайта малакаланганди. Шунингдек, 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазо чораси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ўзгартирилган.
14 июль куни Ўзбекистон элчихонаси консуллик бўлими ходимининг қамоқхона раҳбарияти билан суҳбатидан маълум бўлдики, Шакаров очлик эълон қилгани сабабли бир кишилик камерага ўтказилиб, куну тун видеокузатув остида сақланмоқда.