Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 17 сентябр куни Тошкентда «Ўзбекфильм» киностудияси фаолияти билан танишди.

«Ўзбекфильм» киностудиясига бориб, унинг жорий ҳолати ва фаолияти билан танишдим. «Ўзбекфильм» шунчаки киностудия эмас, балки қарийб бир аср давомида халқимизнинг тарихи, тақдири, орзу-армонлари ва кечинмаларини экранда акс эттирган миллий кино масканидир. Эндиги вазифа — уни замонавий Ўзбекистон кино индустриясининг миллий бренди ва таянч марказига айлантириш», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, бунинг учун кино соҳасида бошқарув тизими ўзгариши керак.
«Бундан буён давлат фильмнинг ижодий жараёнига аралашадиган буюртмачи эмас, соҳани ривожлантирадиган ва молиявий қўллаб-қувватлайдиган стратегик ҳамкор бўлади. Хусусий киностудиялар, мустақил продюсерлар ва ижодкорлар эса индустриянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланади.

Кинони ишлаб чиқаришдан томошабингача бўлган бутун занжир — молиялаштириш, дистрибуция, прокат, фестиваллар ва экспорт — замонавий талаблар асосида янгиланади. Миллий кино меросини сақлаш, реставрация ва рақамлаштириш тизими кучайтирилади, янги авлод ижодкорларини тайёрлаш ва халқаро тажриба алмашинувига кенг йўл очилади», деб ёзди Саида Мирзиёева.

Унинг қайд қилишича, энг муҳими - соҳада профессионал муҳит ва ўзини ўзи бошқариш маданияти шаклланиб, киноижодкорнинг фикри, тажрибаси ва касбий обрўси муносиб қадрланади.
«Ташриф якунида Абу Али ибн Синонинг болалиги ҳақидаги тарихий фильм суратга олинаётган майдонда бўлдим. Улкан декорациялар ва ижодий жамоанинг меҳнати менда катта таассурот қолдирди. Ижодий жамоага омад тилайман. Премьерада кўришгунча!», деб ёзди Саида Мирзиёева.

















