Спорт | 14:58 / 23.07.2018
79876
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон термасига таниқли хорижлик мутахассис бош мураббий бўлади - манба

Фото: AP

Ярим йилдан кўпроқ вақт давомида бош мураббийсиз қолган Ўзбекистон терма жамоасини бошқарадиган мутахассис номи маълум бўлди. Tribuna.uz`нинг ўзбек футболи раҳбариятига яқин манбасига асосланиб хабар беришича, ЎФА аргентиналик мураббий Эктор Купер билан келишувга эришган.

Тайинлов ҳақида келаси ҳафта бошида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Эктор Купер мураббийлик фаолияти давомида олти мамлакат клубларида, хусусан, Италия ва Испания чемпионатларида ишлаган бўлиб, 2000-2001 йилларда кетма-кет икки марта «Валенсия»ни УЕФА Чемпионлар лигасининг финалига олиб чиққан.

62 ёшли мураббий терма жамоалардаги фаолиятини 2008 йилда Греция термасидан бошлаб, бир йилдан ортиқроқ вақт давомида грецияликларни 16 ўйинга бошлаб тушган ҳамда 1та ғалаба, 4та дуранг ва 11та мағлубият қайд этган.

Купер Миср терма жамоасини 2018 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш орқали яна катта футбол саҳнасига қайтди. Мисрдаги 3 йиллик фаолияти давомида аргентиналик мутахассис 38та ўйин ўтказган бўлиб, улардан 19тасини ғалаба, 7тасини дуранг ва 12тасини мағлубият билан якунлаган.

ЖЧ-2018да Миср терма жамоаси Уругвай, Россия ва Саудия Арабистони билан бир гуруҳдан жой олиб, ҳар учала ўйинни ҳам бой берган ҳолда сўнгги ўринни эгаллаганди.

Эслатиб ўтамиз, ЎФА Ўзбекистон термасининг собиқ устози Самвел Бабаянни 2017 йилнинг 7 сентябр куни истеъфога чиқарганди.

Янги бош мураббий терма жамоани 2019 йил январ-февраль ойларида БАА майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига муносиб тайёрлаши керак. Ўзбекистон мусобақанинг гуруҳ босқичида Япония, Уммон ва Туркманистон термаларига қарши кураш олиб боради.

Мавзуга оид