Адлия органлари томонидан 2016-2018 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди, деб хабар бермоқда вазирлик расмий сайти.

Шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини яхшилаш, кўп қаватли арзон уй-жойлар ва комплекслар қуриш, шунингдек, аҳоли инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу жараён фуқароларга тегишли кўчмас мулкларни, хусусан, эскирган ёки авария ҳолатидаги ва замон талабларига жавоб бермайдиган уйларни бузишни тақозо этади.

Ер участкасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан 2016–2018 йилларда республика бўйича 4.689та турар ва 1.456та нотурар жойлар бузилган.

Ўрганиш ер участкаларини олиб қўйишда айрим ҳокимликлар томонидан қонунчилик талаблари бузилганини кўсатди. Хусусан:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мол-мулки бузилишга тушган мулкдорлар бузилиш бошланишидан 6 (олти) ой кечикмай ёзма хабардор қилиниши шарт бўлса-да, бузилган турар жой эгалари 688та ҳолатда (Наманган – 569та, Андижон – 57та, Навоий – 31та, Бухоро – 22, Самарқанд – 7та) умуман хабардор қилинмаган, 985 та ҳолатда (Хоразм – 212 та, Самарқанд – 189 та, Сурхондарё – 172 та, Қорақалпоғистон – 125 та) хабардор қилиш муддатига риоя қилинмаган.

Масалан, Наманган шаҳри, Уйчи кўчасидаги 358та турар жойлар мулкдорлари ёзма равишда хабардор қилинмасдан 2016 йилнинг август ойида бузиб юборилган. Хива шаҳридаги 84та турар жойлар мулкдорларига ёзма хабар берилгандан 5–7 кун ўтиб бузилган.

2. Низом талабларига зид равишда 100та ҳолатда (Андижон – 56та, Навоий –31та, Бухоро – 6та, Хоразм – 4та, Наманган – 2та, Жиззах – 1та) бузилган турар жойлар баҳоланмаган бўлса-да, улар учун компенсация тўланган.

Шунингдек, 391та ҳолатда (Андижон – 192, Хоразм – 138, Самарқанд – 37, Қашқадарё – 14та, Қорақалпоғистон – 9та) эса турар жойлар бузилгандан кейин баҳоланган.