«Tashkent City» Халқаро Ишбилармонлик Маркази ўзида миллий колорит ва замонавий инновацион ғояларни мужассамлаштирган меъморий мажмуадир. Марказ қурилиши жараёнида энергияни тежовчи технологиялар ва экологик тоза материаллардан фойдаланилмоқда.
City – бу бизнесни ривожлантириш, дам олиш, истеъдодларни ривожлантириш ҳудудидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, келажакка интилаётган республика пойтахти айнан шундай кўринишда бўлиши керак.
80 гектар майдонда маҳаллий ва хорижий лойиҳачилар, муҳандислар, меъморлар ва дизайнерлар томонидан ўйланган ва лойиҳалаштирилган йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Murad Buildings компанияси «Tashkent City» ХИМ нинг майдони 1.5 гектарлик 4-лот ҳудудида 200 метрлик осмонўпар бино барпо этмоқда. Бу 45 қаватли бинода барча қулайликлар муҳайё этилиб, «А+» бизнес марказ, беш юлдузли Ritz Carlton меҳмонхона, премиум-классга эга бўлган аппартаментлар ва жаҳонга машҳур бўлган бутиклар ўрин олади.
Энг баланд қаватда жойлашган ресторандан шаҳар манзараларини кузатиш мумкин бўлади. Қуйи қаватларда эса SPA салон, фитнес-клуб, ресторан, автотураргоҳ ва бошқа қулайликлар яратилади.
Шуниси эътиборга моликки, 4-лот биноси Ўзбекистондаги энг баланд турар жой биноси бўлиши кутилмоқда.

Баланд ва хавфсиз. Ўзбекистоннинг сейсмик ҳудудда жойлашганини инобатга олиб, бинонинг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор берилмоқда. Шунинг учун ҳам ушбу бинонинг қурилишига чет элдан кучли ва тажрибали мутахассислар жалб этилган, улар билан шартномалар тузилиб, ушбу лойиҳа устида фаол иш олиб борилмоқда.

Япониянинг етакчи лойиҳавий ташкилоти бўлмиш Nihon Sekkei компанияси мамлакатда биринчи маротаба қурилаётган осмонўпар бино конструкцияси устида ишламоқда.
Соҳада катта тажрибага эга бўлган Франциянинг BUREAU VERITAS компанияси эса қурилиш, харажатлар, муддатлар, сифат назорати, экология, хавфсизлик ва меҳнат қонунчилигига амал қилиниши билан шуғулланади.
















