Ўзбекистон | 11:10 / 27.07.2018
7161
3 дақиқада ўқилади

«Эҳтиёткор некбинлик»: PwC биринчи марта Ўзбекистон компаниялари раҳбарлари ўртасида сўров ўтказди 

Фото: Юрий Корсунцев

PwC 21 йилдан бери бутун дунё бўйлаб компаниялар бош ижрочи директорлари ўртасида глобал сўров ўтказиб келади. Жорий йилда бу тадбирда Ўзбекистоннинг 30 йирик компанияси раҳбарлари иштирок этди. Дунёнинг 85 мамлакатидан жами 1300 СЕО сўровдан ўтказилди, деб хабар бермоқда Spot.

«Биз иқтисодий ва сиёсий муаммолар жиддийлигига қарамай, Ўзбекистон компаниялари раҳбарларининг келажакка бўлган ишончга урғу бериш учун тадқиқотга «Эҳтиёткор некбинлик» номини бердик», - дейилади ҳисоботнинг кириш қисмида. 

Ўзбекистон компанияларининг раҳбарлари бизнесни ривожлантириш истиқболлари, ҳозирги шароитда бошқарувга бўлган ёндашувларни ўзгартириш, эҳтимолий чақириқлар ва келгусида ўсишга нисбатан пайдо бўлиши мумкин бўлган хатарлар каби масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Хусусан, Ўзбекистондаги СЕО'ларнинг 87 фоизи келгуси 12 ойда ҳам, кейинги уч йилда ҳам, компаниялари даромади ўсишига ишонади.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги компания раҳбарларининг 77 фоизи ташкилотларнинг ўсиши органик бўлади, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, раҳбарлар харажатларни камайтириш, бизнес ва стартаплар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, янги стратегик альянс ва аутсорсинг туфайли компания даромадларини оширишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистондаги компания раҳбарлари кейинги беш йил ичида бизнесни беқарорлаштириши мумкин бўлган асосий таҳдидлар орасида янги рақобатчиларнинг пайдо бўлишини қайд этди.

«Мамлакат очилди, конвертация пайдо бўлди, бозорга хорижий ўйинчилар киришни бошлади, масалан, Яндекс.Такси. Такси хизматларини кўрсатувчи кўплаб компанияларда ҳажмлар қисқарган. Энди Қозоғистоннинг Halyk Bank’и, Россия банкларининг кириши кутилмоқда. Улар банк тизимига қандай таъсир кўрсатиши номаълум. Чегараларни очиш - бизнес учун катта хавф, айниқса, изоляцияда ишлаган бизники кабилар учун. Ўша ҳолатда ривожлантириш ҳар доим ҳам керак эмас эди. Агар бозорга янада самарали ўйинчилар кирса, маҳаллий компаниялар ўзгариши керак бўлади», - деди PwC вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон компаниялари раҳбарлари бизнес учун асосий хатарларни маълум қилишганди. 

Мавзуга оид