Самарқандда хотинини ўлдириб, дўконга кўмган шахс 8 йилга қамалди
Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича Тайлоқ туман судида хотинини ўлдириб, унинг жасадини бир йил давомида яшириб келган Н. Раҳимов иши кўриб чиқилди,
Хабар қилинишича, 2017 йил августида маст ҳолда бўлган Н. Раҳимов хотини билан ошхоналардан бирида жанжаллашиб қолган. Эркак аёлини тўйда рашк қилгани айтилади. У хотинининг юзига урган. Аёл ерга йиқилиб тушган, шундан сўнг унинг қорни, бели ва танасининг бошқа қисмларига ура кетиб, кейин бўға бошлаган. Эртаси куни Н. Рахимов хотини вафот этганини билган. Тунда у ҳали тугатилмаган дўконнинг бир бурчагида 70 см чуқурлик қазиган ҳамда хотинининг жасадини кўмган. У болалари ва маҳалладошларига хотини Россияга кетгани ҳақида хабар беради.
2017 йилнинг 22 августида юз берган ушбу жиноят 2018 йилнинг 13 февралигача сирлигича қолган. Суд жараёнида иш батафсил ўрганиб чиқилди, судланувчи Н. Раҳимов Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланди. У 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.