Жамият | 16:55 / 31.07.2018
37385
4 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги вилоят перинатал марказида туғилган чақалоқ алмаштириб қўйилган эдими?

Cамарқанд шаҳридаги вилоят перинатал марказида (халқ орасида 4-сон туғуруқхона билан машҳур) қиз фарзанд дунёга келтирган онага уч кун ўтиб ўғил чақалоқнинг жасади берилгани ҳақидаги хабарлар турли онлайн нашрлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.

Ўзи бу ерда қандай ҳодиса рўй берган? KUN.UZ мазкур ҳодиса бўйича ўз суриштирувларини олиб борди.

Вилоятнинг Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1993 йилда туғилган Ҳакимова Гўзал Аслам қизи 23 майдан 24 майга ўтар кечаси соат 01:00 да вазни 850 грамм бўлган чақалоқни муддатидан олдин дунёга келтиради. Туғуруқни қайд этиш журналида доя Барно Эргашева томонидан чақалоқнинг жинси қиз бола эканлиги ёзилади. (Кейинчалик Б.Эргашева ўз машъум хатосини тўғрилашга уринган ва журналдаги «жен» ёзувини «муж»га ўзгартириб қўйган).

Аслида, Г.Ҳакимова ўғил болани дунёга келтирган бўлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ҳам туғуруқдан олдинги ультратовуш текшируви давомида унинг ҳомиласи жинси ўғил эканлиги таъкидланмоқда.

Нега унда журналга чақалоқнинг жинси адашиб, қиз бола сифатида ёзилиб қолди?

Гап шундаки, Г.Ҳакимованинг фарзанди муддатидан аввал туғилган. Бундай чақалоқлар туғилиши ҳамоно, танаси совиб қолмаслиги учун шошилинч равишда махсус вакуумга солинади. Перинатал марказда эса ўша куни туғуруқ интенсив бўлган. Г.Ҳакимовадан 10 дақиқа аввал М.Қурбонова исмли аёл эгизак фарзандлар — ўғилча ва қизалоқни дунёга келтиради. М.Қурбонованинг қизалоғи Г.Ҳакимованинг ўғлидан 4 дақиқа аввал туғилади.

Чақалоқларни журналга қайд этган доя Б.Ҳакимова (у мазкур воқеада хатога йўл қўйганлиги учун ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган)нинг айтишича, «кейинги туғилган чақалоқнинг жинси нима эди?», деб савол берилганида кимдир эгизаклардан кейингисини сўраяпти, деган гумонда «қиз» деган ва у бу маълумотни журналга ёзган.

Табиийки, онага ҳам, унинг қариндошларига ҳам ҳамширалар томонидан қиз фарзанд дунёга келгани айтиб бўлинган. Бу вақтда муддатидан аввал чала туғилган чақалоқча эса памперс кийган ҳолатда вакуум ичида ҳаёт билан курашарди.

Чала туғилган чақалоққа очилган тиббиёт тарихида ҳам унинг жинси журналдан кўчирилиб, «қиз» сифатида ёзилган.

Фақатгина чақалоқлар врачи Мавзина Ҳамраеванинг дастлабки ёзувларида унинг жинси «ўғил» сифатида қайд этилган. Чунки фақат у чақалоқни тўлиқ ечинтириб, саломатлигини ўрганган.

Перинатал марказ директори, тиббиёт фанлари номзоди Б.Жумановнинг айтишича, вазни 1 килограммга етмай, муддатидан аввал туғилган чақалоқларнинг яшаб кетиши жуда қийин, одатда уларнинг 90 фоизи нобуд бўлади. Г.Ҳакимова дунёга келтирган ўғилча ҳам 3 кун яшаб, ҳаёт билан видолашган. (Қайд этиб ўтиш жоизки, бу чақалоқ Г.Ҳакимованинг иккинчи фарзанди бўлиб, олдинги фарзанди ҳам муддатидан аввал туғилиб, вафот этган).

Чақалоқнинг қариндошлари аввал бошда «фарзандимиз алмаштирилган», деган важ билан ундан тониб туришади, уни танаси патологоанатом томонидан ўрганилган, қариндошлари вилоят прокуратурасига ҳам бу борада ариза ташлашган. Лекин кейин барибир чақалоқни олиб бориб, дафн этишади.

Хуллас, доянинг эътиборсизлиги ортидан чақалоқнинг жинси алмаштириб ёзиб қўйилган ҳамда унинг жасадини қариндошларига топширишда турли тушунмовчиликлар ва гумонларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид