Марказий Африка Республикасида, Сибут шаҳридан 23 км узоқликда уч нафар россиялик журналист ўлдириб кетилди. Бу маълумот Россия ТИВ томонидан тасдиқланди.

AFP агентлиги хабарига кўра, ўлдирилганларнинг ёнида мухбирлик гувоҳномалари бўлган.

Чапдан ўнгга: Кирилл Радченко, Александр Расторгуев, Ўрхон Жамол. Фото: Facebook

«Дождь» телеканали маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар - журналист Ўрхон Жамол, режиссёр Александр Расторгуев ва оператор Кирилл Радченкодир.

Ушбу журналистлар «Центр управления расследованиями» лойиҳаси билан ҳамкорликда «Вагнер» гуруҳи фаолиятига оид ҳужжатли фильм ишлаш учун Африкага йўл олишганди.

«Биз МАР бўйича лойиҳа устида ишлаётгандик. Улар охирги марта кечадан олдин куни алоқага чиқишганди. Тўғри, буни айтиш қийин, улар менинг дўстларим эди», — дея маълумот берган «Центра управления расследованиями» бош муҳаррири Андрей Коняхин.

Маълумот учун, «Центр управления расследованиями» медиалойиҳаси Михаил Ходорковский томонидан ишга туширилган.

Журналистларнинг ўлимини БМТнинг Марказий Африка Республикасидаги миссия ҳам тасдиқлаган. Журналистлар Бомбари шаҳрига кетиш йўлида ҳалок бўлган.

«Вагнер» гуруҳи ёлланма жангчилар хизматини кўрсатадиган ҳарбий компания бўлиб, унинг таркиби асосан Россия ва МДҲ вакиллари бўлган ёлланма жангчилардан иборат ҳисобланади. Бироз аввалроқ ушбу гуруҳ жангчилари МАРга мамлакат президенти Фостен-Арканжа Туадеруни қўриқлаш учун келгани ҳақида маълум бўлганди.

Маълумотларга кўра, «Вагнер» ҳарбий бўлинмаси 2014 йили россиялик собиқ ҳарбий Дмитрий Уткин томонидан тузилган. ОАВ маълумотига кўра, бу гуруҳ Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатларда айирмачиларни фаол қўллаб-қувватлаган ҳамда Қрим аннекцияси жараёнида бевосита иштирок этган. 2015 йилдан эса бу гуруҳ Суриядаги урушга ҳам жалб этилган.