Иқтисодиёт | 17:57 / 02.08.2018
12123
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк йил охирида мева-сабзавот нархлари кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Фото: Pixabay

2018 йилнинг иккинчи ярмида инфляцион хатарлар ҳам ички, ҳам ташқи характерга эга бўлади, дейилади Марказий банк ҳисоботида.

Ички хатарларга тартибга солинувчи нархларни янада индексациялаш, шунингдек, кредитлаш ҳажмлари кенгайиши ва иш ҳақининг ошиши шароитларида ички талабнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш киради.

Бу ерга йил охирида мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг мавсумий ошиши ҳам кириб кетади. Бундан ташқари, маҳаллий мева ва сабзавот ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳияти ички бозорда нарх қимматлашиши омилига айланиши мумкин - ҳаммаси экспортга чиқади ва ички таъминот анча қисқариши мумкин.

Шу билан бирга, режалаштирилган кўрсаткичларга нисбатан бюджет харажатларининг юқори даражаси инфляцияга босим ўтказиши ҳам мумкин.

Ҳосилдорлик ўсишининг паст даражадаги давомийлиги билан боғлиқ ноаниқлик ҳам маҳаллий товарлар таннархини камайтириш бўйича ишни анча чеклайди.

Иш ҳақи меҳнат унумдорлиги ўсишидан тезроқ суръатларда ўсадиган бўлса, инфляцияга талаб томонидан қўшимча босим бўлади.

Ташқи хатарлар орасида асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда иқтисодий фаолликнинг заифлашиши ва Ўзбекистоннинг асосий экспорт позициялари бўйича конъюнктуранинг ёмонлашуви.

Бу экспортдан валюта тушумининг пасайишига олиб келиши мумкин ва ташқи савдо баланси ҳамда сўмнинг айирбошлаш курсига босим ўтказиши мумкин.

Бундан ташқари, жаҳонда нефть нархларининг кўтарилиши импорт инфляциясини ошириши мумкин.

Бозорда қурилиш материаллари, гўшт, гуруч ва бошқа товарларга таклифларнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ омилларнинг инфляцион таъсири заифлашишига улар импортини кенгайтириш йўли билан эришиш мумкин.

Шу билан бирга, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ушбу маҳсулотларни барқарор ишлаб чиқариш ички салоҳиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар улар нарх барқарорлигининг ҳал қилувчи омили бўлади.

Мавзуга оид