Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 16 сентябр кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Регуляторнинг қайд этишича, инфляциянинг пасайиш тенденцияси давом этаётган ва иқтисодиётда айрим мувозанатлашув белгилари кузатилаётган бўлсада, инфляцияни оширувчи айрим хатарларнинг сақланиб қолаётгани жорий қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни тақозо этяпти.

Марказий банк пресс-релизи

Август ойида умумий инфляция 6,2 фоизгача секинлашиб, пасайиш тенденциясини давом эттирди. Базавий инфляция 5,5 фоиз доирасида шаклланди.

Шу билан бирга, нархлари йиллик 5 фоиздан юқори ошаётган товар ва хизматлар улушининг ортиши иқтисодиётда барқарор хусусиятга эга бўлган нарх босимлари ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайишда давом этди. Бунда инфляцион кутилмаларнинг пасайиш динамикаси умумий инфляция секинлашувига нисбатан пастроқ бўлиб, нарх белгилаш жараёнларида маълум даражада инфляцион инерция таъсири давом этмоқда.

Ички талаб ва иқтисодий фаоллик

Чакана савдо, хизматлар соҳаси ва инвестициялар динамикасидаги ижобий тенденциялар истеъмол ҳамда инвестицион талабнинг фаоллигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойларда ялпи талабнинг айрим таркибий қисмларида барқарорлашув белгилари намоён бўла бошлади.

Хусусан, жорий пул-кредит шароитлари таъсирида иқтисодиётга ажратилаётган кредитларнинг ўсиш суръатлари босқичма-босқич мақбуллашиб бормоқда. Бунда, ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватламоқда.

Ташқи инфляцион хатарлар

Жаҳон хомашё, озиқ-овқат ва энергия бозорларидаги нархларнинг юқори даражада бўлиши ўрта муддатли истиқболда импорт нархлари ҳамда транспорт ва логистика харажатлари орқали ички инфляцияга босимларни сақлаб қолади.

Ташқи нарх шокларининг ички инфляцияга иккиламчи таъсири кўлами кўп жиҳатдан ички талаб динамикасига ва кўриладиган таркибий чораларга боғлиқ бўлади.