Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида олий ўқув даргоҳларига кириш учун тест имтиҳонлари бошланди. Kun.uz ҳам абитуриентлар қатори барча босқичлардан ўтиб, тест жараёнида иштирок этди ва бу ҳақда фотоҳисобот тайёрлади.

Тонгги соат 6.30. Урганч шаҳридаги «Ёшлик» спорт-мажмуасига абитуриентлар ошиқмоқда. Халқ тилида «Манеж» деб аталадиган бу даргоҳда тест имтиҳонлари ўтказилади.

Манеж олдида учта катта соябон ўрнатилган. Бу абитуриентларни қуёшнинг иссиқ тафтидан асрайди.

Соат 7.00. Абитуриентлар манежга киритилмоқда. Ҳар бир гуруҳ алоҳида, тартиб билан назорат постидан ўтади.

Постдаги ходимлар абитуриентларнинг ҳужжатини текшириб, уларни назоратдан ўтказиб, кейин ичкарига киритмоқда. 

Қизлар учун алоҳида, парда билан тўсилган назорат хонаси бор. Китоб, шпаргалка, мобил телефонлар билан қўлга тушганлар баённома орқали расмийлаштирилади ва тестдан четлатилади.

Манежга кириш эшиклари устига видеокамералар ўрнатилган. У абитуриентнинг юзи орқали идентификация қилиш тизимига уланган. Бу тизим орқали бегона шахсларнинг тест имтиҳонига кириб кетишига йўл қўйилмайди.

Тест имтиҳонлари ўтказиладиган павильон 1200 абитуриентга мўлжалланган. У ерда абитуриентларни алоҳида стол ва стул, ручка ва тест жавоб варақасини тўлдириш йўриқномаси кутмоқда.