Президент Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропорти ва Хива темирйўл бекатини боғлайдиган янги темирйўл линияси билан танишди.

Мамлакатда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, турли транспорт турларини ўзаро боғлаш, аҳоли ҳамда сайёҳлар учун қулай қатнов тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хоразм вилоятида амалга оширилган мазкур лойиҳа ҳам шу мақсадларга хизмат қилади.

Қиймати 225 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида Урганч халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги темирйўл линияси қурилди. Унда бир бекат, кўприк, автомобил йўллари билан кесишмалар ва 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.

Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳни ташиш имконияти яратилди. Хива ва Урганч ўртасидаги қатнов вақти икки баробар қисқариб, 80 дақиқадан 40 дақиқага тушади. 30 га яқин янги иш ўрни ташкил этилди.

Эътиборлиси, аэропорт ва темирйўлни бевосита боғлайдиган бундай лойиҳа мамлакатда биринчи марта амалга оширилди. Урганч халқаро аэропорти – Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда.

Олти вагондан иборат мазкур электропоезд бир вақтнинг ўзида қарийб 400 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга. У соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланади. Вагонларда VIP, бизнес ва эконом-класс ўринлари, бепул Wi-Fi, электрон қурилмаларни қувватлаш имконияти, замонавий кондиционер ва иситиш тизимлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига келди.

Хивада президент Урганч халқаро аэропорти ва Хива темирйўл вокзалини боғлайдиган йўналишда қатновга қўйиладиган янги троллейбусларни ҳам кўздан кечирди.

Жорий йил июл ойида Хитойдан олиб келинган 10 та троллейбус замонавий автоном ҳаракатланиш тизими билан жиҳозланган бўлиб, электр тармоғига уланмаган ҳолда ҳам 100 километргача йўл босиши мумкин.