Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида президентнинг «Халқ таълими тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ҳужжатда юқори тоифали мутахассислар учун халқ таълими муассасалари жозибадорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш назарда тутилган, деб ёзади Norma.
 
Таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари ташкил этилади

Васийлик кенгашларини тугатиш ва юридик шахсни ташкил этмайдиган халқ таълими муассасаларининг кузатув кенгашларини ташкил этиш ташаббуси билан чиқилган. Янги тузилмалар ота-оналар қўмиталари вакиллари, педагог ходимлар, битирувчилар ва ҳомийлар, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан ташкил топади. 

Қуйидагиларни кузатув кенгашларининг асосий вазифалари этиб белгилаш таклиф этилмоқда:

• таълим муассасалари директорларини Халқ таълими вазирлиги тавсия этган номзодлар орасидан танлаб олиш, шунингдек уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш бўйича таклифлар киритиш;
• таълим муассасасини ривожлантиришга доир устувор йўналишларни белгилаш бўйича таклифлар киритиш;
• таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чоралар, унинг молиявий-хўжалик фаолияти, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағларни сарфлашдан даромадлар ва харажатлар тўғрисида директорларнинг ҳисоботларини вақти-вақти билан эшитиш;
• йиллик молиявий режалар ва харажатлар сметаларини келишиш;
• таълим муассасаси директорининг тақдимномасига асосан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тарифлари, таълим муассасаси хоналари ва бошқа мол-мулкининг ижара ҳақи миқдорларини тасдиқлаш;
• таълим сифати, ўқитувчиларнинг билими ва педагоглик маҳорати, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар устидан тизимли мониторинг ўрнатиш;
• ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог ва раҳбар кадрлар ҳақидаги фикрларини синчиклаб ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш.
 
Халқ таълими муассасалари фақат ХТВга бўйсунади
 
Халқ таълими муассасаларининг барчаси фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини белгилайдиган тартибни жорий этиш таклиф этилмоқда. Халқ таълими вазирига маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан келишувсиз Қорақалпоғистон Республикаси ХТВ, вилоят халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси раҳбарларини, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бошлиқларини, шунингдек Вазирликка бўйсунадиган бошқа ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда.