Ўзбекистон | 08:44 / 09.08.2018
7039
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда “Мақом музейи” ташкил этилади

Фото: munojot.com

Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида “Мақом музейи” фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг:

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида “Мақом музейи”ни Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейининг филиали сифатида ташкил этиш;

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри, Ипак йўли кўчаси, 3-уй манзилида жойлашган Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар маданият бўлими ҳузуридаги Маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносининг 1278,0 кв.м майдонга тенг ҳудудини музейни жойлаштириш учун Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар музей фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

мақом санъатига оид музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, аниқлаш, тўплаш, ўрганиш ва уларни эълон қилиш, шунингдек, маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш;

мақом санъати ва тарихига оид халқимизнинг бой маданий мероси, унинг инсоният тарихидаги ролини ҳаққоний ёритиш, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ижобий ишлар ва эришилган ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган музей экспозицияларини ташкил этиш;

мақом санъатининг ривожланиш босқичлари, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ва анъаналар, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини авайлаб-асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, мамлакат фуқароларига намойиш этиш, дунё жамоатчилигига танитиш ва тарғиб этиш;

музей экспозициялари орқали фуқароларда, айниқса ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросга ҳурмат, ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат, муҳаббат туйғуларини тарбиялаш ва кучайтириш;

ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш ва унинг натижаларини эълон қилиб бориш;

саёҳатчиларни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;

музей экспозициясини ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, ноаньанавий экспозициялар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш;

мумтоз мусиқа меросимиз намуналари ноталарини йиғиш, мақом санъатининг тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини чуқур ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид