Ўзбекистондан қайтганимдан буён менга энг кўп бериладиган савол: "Сизни у ерга боришга нима мажбур қилди?"

DameTraveler нашрида Ўзбекистонга биринчи марта саёҳат қилган хорижлик аёл диёримиз билан боғлиқ таассуротлари билан бўлишади ва нима учун Ўзбекистон энг саёҳатбоп мамлакатларнинг топ-рўйхатида бўлиши кераклигига доир тўққиз сабабни келтиради.

"У ерга боргунимга қадар Ўзбекистонда бўлган бирор кимсани танимас эдим ва айнан шунинг учун ҳам бу ўлка менда қизиқиш уйғотди. Янги сирли манзиллар мен учун доим қизиқ бўлган. Бу экзотик мамлакатда 10 кун бўлган бўлсам, энди мени энг кўп ўйлантираётган савол: Нима учун одамлар у ерга бормайди? Дунёдаги барча кўздан яширин жавоҳирлар орасида Марказий Осиёнинг бу хазинаси етарлича қадрланмагани шубҳасиз. Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун тўққиз сабабни келтираман:

Фото: dametraveler.com

Ўзбекистон - Буюк Ипак йўлининг бебаҳо жавоҳири

Қадимда Хитойдан Европа бозорларига қараб йўл олган карвонлар Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро ва Хивада қўним топган. Улар бу ердан  нафақат фил суяги ва тилла буюмларни олиб ўтишган, балки динлар ва фалсафаларни ҳам. Туркий ҳукмдорлар Самарқандни эгаллаб олишганида у ерга ислом санъати ва маданиятини ҳам олиб киришган. Бугун эса сиз Буюк Ипак йўлининг бу уч асосий манзилида нақшинкор масжидлар, сервиқор миноралар, муҳташам мадрасалар ва жозибали мозаикаларни кўришингиз мумкин. Бу сизларни кейинги манзил сари чорлайди...

Фото: dametraveler.com

Ўзбекистон - сураткашларнинг орзуси

Қай бурчакка йўл олмай, ҳайратимни яшира олмасдим. Такрор ва такрор. Ўзбекистон тарихий ёдгорликларида мени ҳайратга солган жиҳатлар сон-саноқсиз эди. Атрофимдаги ранглар жилоси, нақшлар ўйини, меъморчилик намуналари ва мозаикалар мени лол қолдирди. Бу нафақат камерамнинг батареяси "ўтириши"га сабабчи бўлган масжид ва мадрасалар эди, у ердаги ҳатто  ресторан ва меҳмонхона каби оддий жойлар ҳам анъанавий нақшлар ва қўлёзма намуналари билан безатилган.

Фото: dametraveler.com