Кейинги икки йилда Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида кенг кўламли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Бунда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли манфаатларини амалда таъминлашга қаратилди.
«Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоялар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётганлигини англатмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 январда Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилиши белгиланган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.
Фармон билан вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилиниши керак эди. Ушбу норма фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради. Истиқболли кадрлар қаерда доимий ёки вақтинча прописка қилингани, турар жойи бўйича ҳисобда турганидан қатъи назар, пойтахт минтақасида меҳнат қила олади. Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади.
Фармон асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ижро этиш муддати 2018 йил 1 апрель санаси этиб белгиланганди.
Лойиҳаларда:
вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш;
меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш;
вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилади, дейилганди.
Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари устида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иш олиб бориши белгиланганди. Айни вақтда ходимлари Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинишида имтиёзларга эга ташкилотлар.
Ўзбекистонда прописка, паспорт олиш, таълим, меҳнат қилиш ва бошқа конституцион ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш режалаштирилаётганлигини эшитган фаол фуқароларимиз баъзи бир сайтлар ва ижтимоий тармоқларда ўз хурсандчилигини яшира олмасдан фикрлар билдиришди.








