Илк бора ташкиллаштирилаётган мазкур фестивал доирасида шаҳарнинг Ислом Каримов кўчасида барпо этилган 120 дан зиёд савдо расталарида уч кун давомида миллий ҳунармандларимиз — қандолатчилар, нонвойлар, кулоллар, минатюрачилар, керамик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, зардўзлар, каштадўзлар, гиламдўзлар, шунингдек, шоҳи, атлас ва адрас каби матоларни ишлаб чиқарувчилар, ўйинчоқ ясовчилар, пичоқчилар ва бошқа ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан қатнашишмоқда.

Фестивални Самарқанд вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев очиб берди.

Самарқанд вилоят ҳунармадлари уюшмаси бошлиғи Умид Ҳакимовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, фестивалда Самарқанд шаҳаридан 100 га яқин ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан қатнашишмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан ҳам ҳунармандлар фестивалда иштирок этишмоқда.

Бундан ташқари, кўча бўйлаб ҳаво шари парвози ташкил қилинган. Ўтлоқларда ёш рассомларнинг кўргазмалари ташкиллаштирилган. Кўча маҳаллий халқ билан биргаликлар шаҳар меҳмонлари ва хориждан ташриф буюрган туристлар билан жуда гавжум бўлди.

Ислом Каримов кўчаси бўйлаб ўрнатилган саҳналарда самарқандлик таниқли санъаткорлар ва фольклор-этнографик гуруҳлари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар, рақслар шаҳар меҳмонларига тақдим этилди.

Масалан, «Ташаббус» кўрик танлови ғолиби, академик кулол Азим Шарипов ёшларга ўз ҳунаридан мастер-класс намойиш этиб берди. Бошқа расталарда ҳам истовчилар ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотларни нархини келишиб-тортишиб харид қилишмоқда.