Ўзбекистон ва Таиланд икки мамлакат ўртасида визасиз сафарлар тўғрисидаги битимни имзолашга келишди. Ҳозирги вақтда мазкур ҳужжат матни Таиланд томонидан кўриб чиқилмоқда, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ.
Келишувга Ўзбекистон ва Таиланд ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги тўғридан тўғри музокаралар давомида эришилган.
Вазирлик қайд этишича, май ойидан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг Таиланд ҳудудига ташриф буюриши учун «қулай шароитлар яратишга қаратилган фаол дипломатик саъй-ҳаракатлар» амалга ошириб келинмоқда.
ТИВ, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари Таиланд электрон визаларини расмийлаштиришда дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан ҳам изчил дипломатик ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Ушбу йўналишда Ўзбекистоннинг Таиланддаги Бош консулхонаси Таиланд ТИВ ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги билан мунтазам икки томонлама учрашувлар ўтказмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Таиланднинг Москва шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси билан яқин ҳамкорликни амалга оширмоқда, дейилади хабарда.
- Бундан аввалроқ, Таиланддаги The Nation нашри виза расмийлаштиришдаги мураккабликларни инобатга олиб, Таиланд Туризм ва спорт вазирлиги Колумбия, Мексика ва Ўзбекистондан келувчи сайёҳлар учун 15 кунлик визасиз режимни жорий этишни режалаштираётгани ҳақида хабар тарқатганди. Бу орқали виза расмийлаштиришдаги жиддий кечикишларни бартараф этиш ва узоқ масофалардан келадиган сайёҳлар оқимини ошириш кўзда тутилган.
- Эслатиб ўтамиз, шу йил сентябр ойида Таиланд 93 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун 60 кунлик визасиз режимни бекор қилганди. Мамлакатга туристик сафар қилиш учун Ўзбекистон фуқаролари олдиндан виза расмийлаштириши керак. Виза йиғимини тўлаш учун эса Таиланднинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилиш талаб этилади.

















