Фото: Pixabay

Булочка

Эр-хотин биргаликда ўттиз йил яшашди. Турмуш қурганликларининг 30 йиллиги куни хотин одатдагидек булочка пиширди – у ҳар куни эрталаб булочка пиширар, бу анъанага айланиб қолганди. Нонушта пайти у булочкани ўртасидан бўлар, ҳар икки томонига мой суртар ва эрига юмшоққина деб тепа қисмини берарди. Аммо бу сафар ундай қилмади...

«Бугун булочканинг тепа қисмини ўзим емоқчиман: буни 30 йилдан бери орзу қиламан. Шунча йил унга вафодор хотин бўлдим, ўғиллар туғиб катта қилдим, уйни супуриб-сидирдим, оиламиз учун кучим ва соғлигимни аямадим», ўйлади у.

У шу қарорга келиб эрига булочканинг пастки қаттиқ қисмини узатди, қўли эса ҳаяжондан қалтирарди – 30 йиллик анъана бузилаётганди! Эр эса аёли узатган булочкани оларкан, деди:

— Бугун менга ажойиб совға бердинг, азизам! Ўттиз йилдан бери мен булочканинг ўзим ёқтирган пастки қисмини ейишни орзу қилардим, аммо сен пастки қисмини ейишни ёқтирганинг учун сўрай олмасдим.

Лочин

Бир куни қиролга лочин боласини совға қилишди. Қиролнинг қушбоқари уни катта қилди, аммо ҳеч учишга ўргатолмади. Лочин полапонлигида ўтирган дарахт шохини тарк этишни асло хоҳламасди.

Қушбоқар қиролга лочин устидан арз қилиб, уни асло учишга ўргатолмаётганини, ҳаттоки емишни ҳам қуш ўтирган шохга қўйишга мажбур бўлаётганини айтди.

Қирол жарчи орқали лочинни учишга мажбур қиладиган одам топишни эълон қилди ва эрталаб қуш боғ устида парвоз қилиб юрганини кўрди.

– Бу мўъжизанинг муаллифини олдимга келтиринглар! – деди қирол.

Унинг олдига оддий деҳқонни олиб келишди.

– Уни учишга қандай мажбур қилдинг? Сеҳргармисан?– сўради қирол.

Деҳқон қиролни хурсанд қила олганидан шод эди:

– Бу қийин бўлмади, зоти олийлари. Мен шунчаки лочин ўтирган шохни арралаб ташладим ва у қанотлари борлигини тушуниб уча бошлади.

Хулоса: айрим одамлар ҳам ана шу лочинга ўхшайди. Улар қанотлари борлигини англаб етмай дарахт шохида ўтираверишади. Ҳаёт айримлар ўтирган шохни синдиради ва шундагина улар уча олишларини тушунишади. Айримларнинг ҳамма нарсаси борлиги учун ўтирган жойларини йўқотишдан қўрқиб учишни исташмайди. Балки ҳаётимизда ҳеч бўлмаса бир бор парвоз қилишимиз учун кимдир биз ўтирган шохни арралаши керакдир? Баъзан бошида ёмондек туюлган воқеа ҳам парвоз қилишимиз учун имконият тақдим этиши мумкин.