Ўзбекистон | 17:42 / 05.09.2018
21375
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази иш бошлайди

Фото: shutterstock

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда неврологик касалликлар кўрсаткичи тобора  ўсиб бормоқда, улар орасида ўлим ҳолатлари билан тугаётганлари ҳам талайгина, реабилитацион тадбирларнинг паст даражаси эса аҳоли орасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг кўпайишига олиб келмоқда. Неврологик касалликларни эрта аниқлаш, уларни даволаш ва профилактика тадбирларини ташкиллаштириш, бу йўналишда илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш мумкин бўлган ягона марказлашган тизим йўқ. 

Замона талабига жавоб берувчи неврологик ёрдам кўрсатиш хизматларини такомиллаштириш ҳамда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш турларини кенгайтириш, унинг сифатли ва ҳамёнбоп бўлишига эришиш мақсадида 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатиш хизматларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги 3925-сонли қарори имзоланди. 

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти ташкил этилади. Мазкур марказнинг асосий вазифаси неврологик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг ягона вертикал тизимини яратиш, давлат тиббиёт ташкилотларининг неврология бўлимларини ташкилий-услубий бошқариш, экспериментал ва клиник неврология соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида  комплекс илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш, неврологик касалликларни ўз вақтида аниқлашга доир изланишлар олиб бориш, ҳужайра ва ген терапиясига доир инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш, скрининг тадқиқотларини татбиқ қилиш ҳамда  инсульт, эпилепсия ва бошқа кенг тарқалган неврологик касалликлар қайд этилган беморларни рўйхатга олиш, неврология ва нейрореабилитология соҳасида ишловчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, соҳага оид семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, вебинарлар ўтказиш ҳамда бунда хорижий мутахассисларни жалб қилиш кабилардан иборат. 

Бундан буён давлат тиббиёт ташкилотларининг ихтисослаштирилган неврология бўлимлари Марказнинг ташкилий-услубий бўлимлари ҳисобланади. 

Ҳужжат доирасида Аҳолига ихтисослаштирилган неврологик ёрдам кўрсатиш бўйича самарадорликни оширишга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

Қарор билан вазирлик ва идоралар раҳбарлари Чора-тадбирлар дастурида кўзда тутилган ишларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли кўрсатиш учун шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилди. 

Марказ икки ой муддат ичида малакали мутахассислар билан таъминланиши кутилмоқда. 2019 йилнинг 1 декабрига қадар неврологик касалликларни аниқлаш ва даволаш стандартлари, клиник протоколлар қайта кўриб чиқилади. 

Қарор ижроси назорати Ўзбекистон Республикаси Президент маъмурияти раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Президент маслаҳатчиси А.А.Абдувоҳидов ҳамда Бош вазир ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклатилди.

Мавзуга оид