Меҳнат ҳуқуқлари поймол этилаётган ёки иш берувчи томонидан ваколати ва мажбуриятига кирмайдиган ишга мажбурланаётган фуқаролар 1092 қисқа телефон рақамига қўнғироқ қилиб, шикоятларини қолдиришлари мумкин. Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилинди. Бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигига доир маълумотлар берилган тадбирда, Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарлари республиканинг 34 туманида пахта йиғим-теримига умуман аралашмаслиги ҳақида таъкидланди. Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев шундай баёнот берди. 

“Бу йил мамлакатнинг 34 туманидаги пахта йиғиб олишига маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари жалб этилмайди. Фермерлар етиштирган ҳосилни қандай йиғиб олишни ўзлари ҳал қилишлари керак. Пахта топшириш шартномавий мажбуриятлари учун ўзлари жавоб беришади”, - деди Шерзод Кудбиев ОАВ вакиллари билан учрашувда. 

Унинг билдиришича, бу йил пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга умуман йўл қўймаслик, ихтиёрий меҳнатни рағбатлантириш борасида республика ҳукумати томонидан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам бу борада инновацион технологиялардан фойдаланишни йўлга қўймоқда. 

Хусусан, бу йил пахта теришга ихтиёрий чиқишни хоҳлаган киши “Пахта терим 2018” Telegram боти орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу вазирликнинг жойлардаги бўлимларига келиб тушади ҳамда идора ходими ихтиёрий равишда мурожаат қилган фуқарони пахта теримига жалб қилиш чорасини кўриши керак бўлади. 

Шу билан бирга, айни Telegram мессенжерида “Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси” боти ҳам ишга туширилмоқда. Мазкур бот орқали ҳар қандай меҳнат қонунчилиги бузилиш ҳолатлари, жумладан пахта терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилаётгани ёки шу каби салбий ҳодисалар бўйича мурожаат йўллаш мумкин бўлади. Шерзод Кудбиевнинг алоҳида таъкидлашича, ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар ҳам таҳлилий-танқидий ўрганилади. 

“Қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилса, кескин чоралар кўрилади. Бунда мурожаатчи ёлғон хабар берган бўлса, унга ҳам чора кўрилиши таъминланади. Агар мансабдор шахс мажбурий меҳнатга йўл қўйса, лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик юкланади. Бу мен айтаётган гап эмас. Бу давлат раҳбарининг бевосита сиёсий иродаси ва кўрсатмасидир”, - деди Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбари. 

Бундан ташқари, пахта терими мавсумида меҳнат муносабатлари шаффофлиги ва ошкоралигини, статистика ахборотларининг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида, вазирликнинг ушбу мавсумга доир мурожаатлар базасидан Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари кириб фойдаланишларига имкон берилади.