Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Кооператив қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади ва фаолият юритади:
кооперативга аъзоликнинг ихтиёрийлиги;
кооперативнинг ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик фаолиятида иштирок этаётган аъзолари учун ўзаро ёрдам ва иқтисодий манфаатнинг таъминланганлиги;
кооперативнинг фойда ва зарарини, унинг аъзолари ўртасида уларнинг шахсий меҳнати билан иштироки ёки кооперативнинг хўжалик фаолиятидаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда тақсимланиши;
кооперативнинг хўжалик фаолиятида, унинг аъзоси бўлмаган шахслар иштирокини чеклаш;
кооператив аъзоларини қўшимча пай бадали ва уюшган аъзоларни пай бадали бўйича тўланадиган дивидендлар миқдорини чеклаш;
кооператив фаолияти ошкоралик асосида бошқарилиши, ҳар бир аъзо, қўшган мулкий ҳиссасининг миқдоридан қатъи назар, бир овозга эга бўлиши;
кооператив фаолияти тўғрисидаги ахборотларнинг, унинг барча аъзолари учун очиқ бўлиши.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи сифатида кооператив аъзоларининг шахсий меҳнати билан иштирокига асосланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятларни бажариш бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкий пай бадаллари кўринишидаги пул маблағлари, ер участкаси, ер ва мулкий улушлари ва бошқа мулкларини ихтиёрий бирлаштириш ҳамда уларни кооперативнинг пай фондига киритиш йўли билан ташкил этилган кооператив тан олинади.
Ишлаб чиқариш кооперативи тижорат ташкилоти бўлиб, белгиланган талабларга мувофиқ ташкил этилган кооперативлар ишлаб чиқариш кооперативларининг турлари ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи аъзолари учун унинг фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этишлари мажбурийдир, бунда аъзолар уларнинг қандай вазифани бажаришларидан қатъий назар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари бўлиб ҳисобланадилар.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативининг фирма номи “қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи” сўзларини ўз ичига олиши лозим. Қишлоқ хўжалиги кооперативининг фирма номига бўлган барча талаблар тегишли қонун ҳужжатлари билан белгиланади.







