Жамият | 16:15 / 19.09.2018
12145
3 дақиқада ўқилади

«Қонунми ё қарор, фармонми ёки фармойиш?». ОАВдаги хатолар

Бугун газета ва журналларда, теле ва радиоканалларда имловий хатолар, услубий ғализликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар номини чалкаштириб юбориш оддий ҳолга айланиб қолди. Айниқса, ҳудудий оммавий ахборот воситалари бу «мусобақа»да «чемпионлик» қилишмоқда.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2017-2018 йиллар давомида «қоидабузар» ҳамкасбларга нисбатан 200дан ортиқ кўрсатма ва тақдимномалар киритилди. Ўта ғариблашиб, ғовлаб, чидаб бўлмас даражага келиб қолган «Қўлдан қўлга», «Воқиф», «Тароват», «Шарқ дунёси», «Меҳнат ва турмуш» каби газеталар ҳамда «Кошки-мышки» журнали фаолияти тугатилди.

Хўш, юзага келган ҳолатни яхшилаш учун яна нима қилиш керак, яна қандай таъсир чораларини қўллаш лозим? Муаммонинг асл сабаблари қаерда?

Энг асосий чоралардан бири таҳририят ходимларини ўқитиш ва малакасини оширишдан иборатдир. Афсуски, шу пайтга қадар ўтказилган семинар ва конференциялар ҳамда ўқув машғулотларига асосан оммавий ахборот воситаларининг раҳбарларини чақиришга одатланганмиз. Бевосита ишни бажарадиган журналист-ходимлар эса панада, ҳеч нарсадан хабарсиз қолиб кетаверган. Раҳбар ўзи қатнашган ўқувлардаги янгиликларни ходимларига чала етказган ёки умуман етказмаган.

Мана шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан биргаликда янги форматда «Ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар» мавзусида ўқув-семинарини ўтказишни бошлади. Ушбу ўқув-семинарлари ҳар бир вилоятда ташкил этилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад Тошкентдан олимларни олиб бориб, қуруқ ваъзлар ўқиш эмас, ҳудудий оммавий ахборот воситалари томонидан охирги беш йил давомида йўл қўйилган тизимли қонунбузилиш, хато ва камчиликларни ҳар бир газета ва журнал, веб-сайт ва телерадиоканал мисолида, кўргазмали воситалар ёрдамида таҳлил қилишдир.

Шу билан бирга, тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қарор, фармон ва фармойишлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор ва фармойишлар қабул қилиниши, энг кўп хатога йўл қўйилаётган сўзларнинг тўғри ёзилиши ўргатилмоқда. Қонун ҳужжатлари номи ва нормаларига доир маълумотларнинг берилишида расмий манбалар (ёки www.lex.uz веб-сайти)дан фойдаланилиши лозимлиги алоҳида уқтирилмоқда.

Мазкур ўқув-семинарларининг аҳамиятли жиҳати шундаки, уларда нафақат ҳудудий оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, балки таҳририятда ишловчи ижодий ва техник ходимлар, шу жумладан, бош муҳаррир ўринбосарлари, бўлим мудирлари, мухбирлар, мусаҳҳиҳлар, саҳифаловчи-дизайнерлар ва ҳатто матн терувчилар ҳам қатнашмоқда.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

Мавзуга оид