Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилган.
 
Бу 2000 йилда қабул қилинган ҳужжатнинг янги версияси. Norma иккалови: амалдаги ва таклиф этилаётган версияни солиштирма таҳлил қилди.
 
Биринчидан, лойиҳада хорижий фирма аккредитация қилиш учун Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этадиган аризанинг мазмуни аниқлаштирилган. Яъни аризада акс эттирилиши лозим бўлган унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар рўйхати келтирилган:
 
• тўлиқ номи ва келиб чиққан мамлакати;
• ташкилотнинг тарихи: асос солинганлиги ёки илк бор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида ахборот, ривожланиш босқичлари, сўнгги давлат рўйхатидан ўтказиш санаси, жойи ва рақами;
• ташкилий-ҳуқуқий шакли;
• мулкчилик шакли (хусусий, оммавий ёки бошқа);
• бош офиснинг почта манзили;
• устав фонди миқдори ҳақидаги маълумотлар;
• хизмат кўрсатувчи банк тўғрисидаги маълумотлар;
• телефон, телефакс, электрон манзили;
• хорижий фирма раҳбарияти ҳақидаги маълумотлар: Ф.И.О., туғилган йили, фуқаролиги, лавозими, қисқача таржимаи ҳоли ва ҳ.к.;
• банд бўлганларнинг (ходимларнинг) умумий сони;
• фаолият предмети/турлари;
• сўнгги молия йилидаги сотиш ҳажми/обороти/товар обороти (экспорт ва импорт);
• оборотдаги фаолият турларининг фоизли улушлари;
• ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, реализация қилинадиган товарлар, кўрсатиладиган хизматлар номенклатураси;
• мулкдорлар (раҳбарлар, муассислар, акциядорлар ва ҳ.к.) ҳақидаги маълумотлар;
• асосий бўлинмалар: шуъба корхоналар, филиаллар, ваколатхоналар, уларнинг манзиллари ва фаолияти;
• савдо маркалари, кўчмас мулкка эгалик қилиш, ишлаб чиқариш қувватлари ва транспорт воситалари мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.
 
Бундан ташқари, аризага илова қилинадиган ҳужжатлар сони ортади. Нотурар жой мулкдорининг (Ўзбекистоннинг юридик ёки жисмоний шахси) уни ваколатхонага ижарага бериш ёки реализация қилишга тайёрлигини тасдиқловчи кафолат хатини қўшиш таклиф этилмоқда (хорижий юридик шахс билан шартнома тузиш ҳақида сўз бораётган кўринади, сабаби ваколатхона юридик шахс ҳисобланмайди). Хатда ижарага бериш ёки реализация қилиш шартлари ва муддатини кўрсатишга тўғри келади. Кафолат хатини ижарага олувчи ҳам бериши мумкин, бироқ у мулкдор билан келишилган бўлиши керак.