Санъаткорлар оиласида тарбия топган, Зокировларнинг яна бир таниқли вакили Жавоҳир Зокиров ўзбек киноси ҳамда унинг атрофидаги муаммоларга муносабат билдирди. 46 ёшли актёрга кўра, ўзбек актёрига тўланадиган ҳақ кам, у гонорар, шу ўринда эшакнинг нархини ҳам таққослаб келтиради. «Ўзбек актёрининг ўртача нархи 160 000, эшакники эса 180 000 сўм», дейди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойланган лавҳада. Биз Зокиров билан суҳбат қилиб, бу борада унинг фикрини батафсил билишга ҳаракат қилдик.​

- Ижтимоий тармоқдаги саҳифангиз орқали ўзбек актёрларининг гонорарига муносабат билдирдингиз. Унда фильмни суратга олиш жараёнидаги ҳолатни мисол сифатида келтиргансиз. Жараён ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

- Фильм номи «Парвоз» бўлиб, режиссёри – Илҳом Ибрагимов. Суратга олиш жараёни тоғда бўлиб ўтди. Съёмкада иккита эпизод олинди.

- Маълумотларга кўра, сизга кинокартинадаги ролингиз учун 160 минг сўм тўланган. Шу ростми? Умуман олганда, актёрнинг меҳнати қанчага баҳоланади?

- Актёр меҳнати унинг иш стажи билан баҳоланиши керак. Масалан, менинг иш фаолиятим салкам 39 йилни ташкил этади. Шунга қараб гонорар белгиланиши тарафдориман. Қанча фильмларда суратга тушганлиги, уларнинг қайсилари муваффақиятли чиққанини ҳам ҳисобга олиш лозим. 35-40 йиллик тажрибага эга санъаткорни қандай баҳолаш керак? Кинокартинани суратга олаётганда декорация, ускуналарга анча маблағ сарфланади. Лекин оғриқли тарафи шундаки, асосий муваффақиятни таъминлаб берувчи актёрларга унчалик юқори ҳақ тўланмайди.

- Актёрларнинг гонорари нима сабабдан паст баҳоланяпти, деб ўйлайсиз?

- Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Нархни белгилаш тизими қайта кўриб чиқилиши керак. Биз ҳалигача ўша эски баҳолаш тизимидан воз кечолмаяпмиз.

- Гонорар миқдорини ким белгилайди?

- Фильм продюссери ижодкорларга қанча маош беришни ҳал қилади. Ҳозир ҳар бир актёрнинг ўз «нарх»и пайдо бўлган.

- Юқоридаги ҳолатлар яна давом этавериши қандай оқибатларга олиб келади?

- Албатта, салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Истеъдодли оператор, режиссёр ва актёрлар гонорарнинг камлигидан хорижга чиқиб кетишяпти. Шу сабаб ҳам ўзбек киноси ривожланмаяпти.

- Ўзбек киносидаги учта энг катта муаммо ва учта энг катта ютуқ қайсилар?