Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Фойдаланишга яроқсизлиги аниқланган автомототранспорт воситаларини утилизация ва қисмларини реализация қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

мажбурий техник кўрикдан ўтказилган автомототранспорт воситаларининг ягона электрон базасини 2019 йил 1 январга қадар шакллантиради;

белгиланган муддатда мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган автомототранспорт воситаларини бошқарганлик ҳолатларини “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимида автоматлаштирилган тарзда қайд этиш механизмини 2019 йил 1 июнга қадар амалиётга жорий этади.

“Ўзметкомбинат” АЖ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан бирга уч ой муддатда утилизацияга топшириладиган автомототранспорт воситаларини ҳудудларда қабул қилиш тартиби юзасидан асослантирилган таклиф киритади.