Болаларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар ҳақида хабар бериш учун 1246 қисқа рақамли колл-марказ ишга туширилди.

“Ҳар бир бола хавфсиз ва меҳрга тўла муҳитда улғайиш ҳуқуқига эга. Агар сиз болага нисбатан зўравонлик, бепарволик ёки унинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, бу ҳақда албатта хабар беринг”, дейилади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарида.

Қайд этилишича, колл-марказига мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Колл-марказига қуйидаги ҳолатларда мурожаат қилиш мумкин:

Болага нисбатан жисмоний, руҳий ёки жинсий зўравонлик, бепарволик ва шафқатсиз муносабат ҳамда боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирувчи бошқа ҳолатлар.

Хабарда айтилишича, ҳозирда 1246 қисқа рақамли колл-марказ синов режимида фаолият юритмоқда.