2018 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон республикаси Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги билан ҳамкорликда контрафакт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг олдини олиш, улар савдосига қарши ҳамкорликда курашиш, ота-оналарни бу каби маҳсулотларни харид қилмасликка чақириш, бу жараёнга кенг жамоатчиликни жалб этиш мақсадида “Контрафакт – соғлик, сифат ва иқтисодиёт кушандаси” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Айтиб ўтиш керакки, республика ҳудудига контрафакт матбаа маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш манбаларини аниқлаш ва бу жараёнларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан доимий равишда турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда республика ва ҳудудий телерадиоканаллар, матбуот нашрлари, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам чиқишлар қилинаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, аҳолини контрафакт маҳсулотларидан огоҳликка чақирувчи мавзуда бир нечта ижтимоий роликлар тайёрланиб, эфирга узатилди.

– Бугунги кунда муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва самарали татбиқ этиб келинаётган Ҳаракатлар стратегияси доирасида жамиятимизнинг барча соҳаларида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, - дейди ЎзМАА Бош директори Л.Тангриев. – Хусусан, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 10дан ортиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Нашриёт-матбаа ижодий уйлари, ноширларимиз турли халқаро миқёсдаги кўргазма ва бошқа тадбирларда иштирок этиб, ютуқларни қўлга киритишмоқда. Умуман олганда соҳага замонавий технологиялар киритилмоқда, инновацион ғоялар татбиқ этиляпти. Булар, албатта, қувонарли, аммо соҳада етарлича хатоларнинг мавжудлиги, камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ачинарли ҳол.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Маълумот ўрнида айтиш зарурки, бугунги кунда мамлакатда фаолият олиб бораётган матбаа корхоналарининг умумий сони 1718 тани ташкил этади. Шулардан 82 таси китоб ва дарсликлар, 294 таси даврий босма нашрлар, 51 таси дафтар, 91 таси канцелярия ва бланклар, 385 таси реклама, 815 таси эса бошқа йўналишдаги матбаа маҳсулотларини чоп этишга ихтисослашган. Мазкур корхоналарнинг 992 таси (57,7 фоизи) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 726 таси (42,3 фоизи) Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлар ҳудудларида жойлашган.

– Агентликда бу соҳада етарлича мутахассислар мавжудлигини ҳисобга олиб, улар томонидан ўтказилган текширишларда ДСҚ ходимлари, албатта, иштирок этади ва аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чораларни кўради, – дейди ДСҚ бош инспектори И.Эргашев. – Контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларнинг савдоси билан шуғулланганлик учун, аниқроқ қилиб айтганда асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан ноқонуний фойдаланиш, шу баробарида асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини тайёрлаш, тарқатиш, омма эътиборига етказиш ёхуд асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларида тайёрловчилар, ишлаб чиқариш жойлари, шунингдек муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгалари ҳақида ёлғон маълумотларни кўрсатганлик учун “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексга кўра, фуқароларга – энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиниши белгилаб қўйилган, – дея ўз сўзини якунлади И.Эргашев.