Wi-Fi сифати ва тезлиги роутерга, унинг уйда жойлашган ўрнига ҳамда халал берувчи омилларга боғлиқ. Уйда Wi-Fi орқали интернет тармоғига уланишни истаганлар қуйидаги жиҳатларга эътибор беришлари керак бўлади.

1. Роутер танлаш
Уланиш тезлиги ва сифатига таъсир кўрсатадиган биринчи нарса – бу роутернинг техник хусусиятлари.
Диапазонлар
Ҳар бир тўлқин ўз частотасига эга бўлиб, Wi-Fi ҳам маълум бир частота ёки ўз диапазони орқали тарқаладиган радиотўлқиндир.
Замонавий роутерлар иккита: 2,4 ва 5 ГГц диапазонда ишлайди. 2,4 ГГц диапазонидан 2000 йилдан бери фойдаланилади. У анча кенг тарқалган диапазон ҳисобланади. 5 ГГц — янги диапазон бўлиб, унинг уланиш тезлиги каттароқ.
Роутер танлашда қўшнилар қайси диапазондан фойдаланишаётганини текшириб кўриш керак. Агар қўшнилар 2,4 ГГц диапазондан фойдаланаётган бўлса, 5 ГГц диапазонга ўтиш Wi-Fi ишлаш тезлигини сезиларли даражада оширади.

Стандартлар (IEEE 802.11 a/b/g/n/ac/ad)
Уланиш тезлигига диапазондан ташқари, роутер фойдаланадиган протокол ҳам таъсир кўрсатади. Бу ишлаш стандартлари бўлиб, у тезлик, қамров ҳудуди, частота хусусиятларини ўз ичига олади.
a/b/g стандартлари эскирган ҳисобланади. Уларнинг максимал ўтказиш тезлиги атиги 54 МБит/с. n стандарти кенг тарқалган, аммо унинг ишлаш тезлиги чекланган. Замонавий ac ва ad стандартлари энг катта тезликни беради.
Процессор ва оператив хотира
Процессор частотаси роутернинг маълумотларни қанчалик тез қайта ишлаши ва узатишини англатади. Частота қанчалик баланд бўлса, уланиш тезлиги шунчалик катта бўлади.
Роутер орқали ҳар куни гигабайтлаб ахборот ўтади ва унинг хотираси қанчалик катта бўлса, у шунчалик яхши бўлади.





















