Маълумки, дунё миллионерларининг 30 фоизидан ортиғини ахборот коммуникациялари ва технологиялари билан шуғулланувчи кишилар ташкил этади. Ўзбекистонда ҳам замонавий технологиялар ва инновацияларга қизиқувчи ёшлар жуда кўп. Уларни соҳага қизиқтириш, мотивация бериш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Йил бошида мамлакатимиз президенти ҳузурида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарларининг ҳисоботида ахборот-таҳлилий интернет каналини яратиш вазифаси белгилаб қуйилган эди. Ушбу интернет каналини ташкил этишдан мақсад ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ошириш ва тарғиб қилиш, миллий интернет сегментини холис ва ишончли ахборот билан таъминлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, ахборот хуружларига қарши «Жаҳолатга қарши маърифат» тамойили асосида ягона тизимни яратиш ҳисобланади.

Фото: IT-Lifе

Ушбу вазифани бажариш мақсадида ҳам «IT-Lifе» номи остида янги интернет канал ташкил этилди ва жорий йилнинг 10 мартидан бошлаб ушбу каналнинг синов эфири ишга туширилди.

Бугунги кунда онлайн телеканал ўз фаолиятини мустақил равишда бошқариб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида каналнинг ижодий гуруҳи томонидан ахборот коммуникациялари ва технологиялари соҳасига оид 50дан ортиқ кўрсатувлар, 10дан ортиқ ижтимоий сўровномалар, кўплаб ҳужжатли фильм ва қисқа метражли медиамаҳсулотлар, шунингдек, туркум лавҳа ва репортажлар тайёрланди. Жумладан, қонунчилик вакиллари иштирокидаги «Тет-а-тет» кўрсатувида ахборот коммуникациялари ва технологиялари мавзусига доир кўплаб суҳбатлар ташкиллаштирилди.

Фото: IT-Lifе

Айни дамда «Мен дастурчиман», «Пешқадам ёшлар», «Газеталар шарҳи» сингари кўплаб туркум кўрсатувлар тайёрлаб келинмоқда. Улардан мақсад − ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларга оид янги ишланмаларни оммага таништириш, томошабинларнинг ахборот коммуникациялари ва технологиялари соҳасига бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда ёшларнинг билим ва салоҳият даражасини юксалтириш ҳисобланади.