Жаҳон | 15:00 / 05.10.2018
11299
2 дақиқада ўқилади

Чегара машмашаси. Қодиров Ингушетия билан чегара тўғрисидаги қонунни имзолади

Фото: Фото: Астафьев Александр / ТАСС

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров, илгари республика парламенти томонидан тасдиқланган, Ингушетия билан чегарани белгилаш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Бу ҳақда «РИА Новости» республика раҳбари маъмуриятига асосланиб хабар бермоқда.

26 сентябрь куни Қодиров ва Ингушетия раҳбари Юнусбек Евкуров ўз ҳудудлари ўртасидаги чегарани аниқлаш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Таъкидланишича, Ингушетиянинг Сунженский туманидаги тоғли ўрмонзорлар Чеченистонга берилган. Ингушетия Чеченистоннинг Надтеречний туманидаги худди шундай ҳудудни олди.

«Чеченистон раҳбари Ингушетия ва Чеченистон Республикаси ўртасидаги чегара тўғрисидаги қонунни имзолади. У расмий эълон қилинганидан 10 кун ўтиб кучга киради», - дея хабар беришган маъмуриятдан.

Чеченистон ва Ингушетия ўртасидаги маъмурий чегара тўғрисидаги масала 1990 йил бошларида, ҳукумат тепасига Жоҳар Дудаев келганидан сўнг ЧИАССР таркибига кирган икки республика бўлиниб кетганидан сўнг тез-тез юзага чиқа бошлаганди.

1993 йилда Чеченистон раҳбари Жоҳар Дудаев ва Ингушетия раҳбари Руслан Аушев имзолаган шартномага кўра, Сунженский райони Серноводск ва Ассиновская аҳоли пунктларидан ташқари, Ингушетия таркибига ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ингушетия ва Чеченистон чегара тўғрисидаги келишувни имзолагани хабар берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид