Боткен вилоятининг Қадамжой туманида ер майдонларини алмашишнинг ташкилий-техник масалалари бўйича Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг қўшма ишчи комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Қирғизистон томонидан комиссияга меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Қамчибек Досматов, Ўзбекистон томонига эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Қудратхўжаев раҳбарлик қилмоқда.
Томонлар аввал эришилган келишувларни амалга ошириш, жумладан, алмашиладиган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролиги, уларни кўчириш, мулкий-хўжалик ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Йиғилиш якунида икки давлатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Гуруҳ алмашиладиган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролиги, кўчиришни ташкил этиш, давлат мулки объектларини қабул қилиш ва топшириш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини расмийлаштириш, ердан фойдаланиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар билан шуғулланади. Шунингдек, мазкур ҳудудлар аҳолиси учун таълим жараёнининг узлуксизлиги таъминланади.
Унинг вакиллари алмашиладиган ҳудудларга бориб, амалга оширилган ишлар ва натижалар ҳақида комиссия ҳамраисларига мунтазам равишда ахборот бериб боради.










